Тадбирлар

Фарғонада журналистлар байрами (фото)

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими  27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам  тантаналарини ташкил этди. Унда 120 дан зиёд журналистлар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов иштирок этди.

Дастлаб Ф.Қосимов ОАВлари ходимларини касб байрами билан  табриклади. Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев фармойишига кўра “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланган бир гуруҳ журналистларга ҳокимлик совғаларини ҳам топширди. Шунингдек, тантанада “Кутилмаган совға” эълон қилинди. Бу Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимига вилоят ҳокимлиги ажратган “Кобалт” русумли ҳизмат енгил автомшинаси эди. Унинг калити бўлим раиси Муҳаммаджон Обидовга топширилди.

М.Обидов вилоят журналистлари номидан бундай ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг “Йилнинг фаол журналисти” ижодий танловининг 28 нафар ғолиб ва совриндорларига диплом ҳамда муносиб совғалар: телевизор, смартфон, печ ва “Давлат белгиси” корхонасида махсус тайёрлатилган кўкрак нишони берилди. Тантанада иштирок этган фахрий ва ёш журналистлар ўз сўзларида Ватан равнақи йўлида изланиб ижод қилажаклари ҳақида гапирдилар.

Бу йилги касб байрами арафасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Термиздаги афғон ёшлари ўқув маркази талабалари учун “Афғонистон – менинг Ватаним” ва “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” мавзуида иншо танловининг ўтказган эди. Унда марказ битирувчилари Азиз Аҳмад Аминий ва Ферузуллоҳ Сирдош ғолиб бўлдилар. Ижодий уюшма вилоят бўлими барча ҳаражатларни ўз зиммасига олиб, уларни Фарғонага таклиф этди. 3 кун давомида Қўқон, Фарғона, Марғилон, Риштонда бўлиб вилоят ҳаёти билан танишган афғон ёшлари журналистларнинг касб байрамида ҳам иштирок этдилар. Уларга уюшманинг ғолиблик дипломи ва совғалари топширилди.

Бугун ва эртага барча шаҳар ва туманларда байрам тантаналари давом этади.

Умида Мирзаматова

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Фарғона вилоят бўлими мутахассиси