Тадбирлар

Фарғонада журналистлар турнири ўтказилди

Бугун Фарғонада ўзига хос футбол байрами бўлиб ўтди. Фарғона вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона бўлими ва вилоят Футбол ассоциацияси томонидан  27 июнь “Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни”га бағишланган мини – футбол бўйича  анъанавий турнир ўтказилди.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида мини-футбол турининг оммавийлигини ошириш, уларнинг ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқаларни мустаҳкамлаш ва спортга бўлган меҳрларини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган турнирда тўртта жамоа иштирок этди.

Қиргули шаҳарчасидаги “Real professional football” МЧЖ сунъий мини-футбол майдонлари мезбонлик қилган мусобақа шиддатли ва кескин курашлар остида ўтди. Бир даврали тизимда бўлиб ўтган турнирда иштирок этган жамоалар ўзларининг чиройли ўйинлари билан мухлисларни хурсанд этишди. Ҳар бир учрашув юқори савияда ўтказилди.

Мусобақа якунига кўра, “Рухсор ТВ” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин “Фарғона матбуоти” жамоасига насиб этган бўлса, “Билимдон” клуби учинчи ўринга сазовор бўлди. Фарғона вилоят телерадиокомпаниясининг “Фарғона ТВ” жамоаси ҳам турнирда муносиб иштирок этганини эътироф этиш жоиз.

Турнир ғолиби «РУХСОР ТВ» жамоаси
«Фарғона матбуоти» жамоаси
«Билимдон» жамоаси

Мусобақа ғолиби ва совриндорлари 27 июнь “Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан байрам тантаналарини ташкиллаш ва ўтказиш бўйича тузилган ташкилий қўмита томонидан тайёрланган  тегишли даражадаги дипломлар ва пул мукофот  билан тақдирланадилар. “Рухсор ТВ” жамоасига махсус кубок топширилди.

Аброр Деҳқонов