Эътироф

Китобга жо бўлган дунё

«Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи» маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида

Журналистика ҳаётнинг ранг-баранг қирраларини акс эттиришни ўз олдига мақсад қилганлиги нафақат ижодкорлар, балки муштарийлар учун ҳам аён ҳақиқатдир. Ижоднинг бу жабҳасида “Бордим, кўрдим, ёздим” тамойили амал қилади. Ижодкорнинг тегишли манзилга бориши учун муайян мавзуни атрофлича ўрганиш, изланиш тақозо этилади. Кўриши асносида эса унинг нигоҳи қанчалик тийраклиги намоён бўлади. Булар ҳақда қоғозга туширишда эса чин маҳорат ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Яқинда “Янги аср авлоди” нашриётида босмадан чиққан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидовнинг “Мен кўрган дунё” китобини ўқир эканмиз, журналистиканинг турли жанрлари таниқли ижодкор томонидан моҳирона татбиқ этилганига ишонч ҳосил қилдик.
Албатта, жойларда ўтказилган тадбирлар мазмуни ҳақида ахборот тарзида чиқиш қилиб юрган ҳамкасбларимиз ҳам кам эмас. Лекин Муҳаммаджон Обидов газетага ёзадими, телевидение орқали чиқиш қиладими, ҳаво мавжлари ёки интернет минбарига кўтариладими, ҳамиша муҳим гап айтишга ҳаракат қилади. Бугунги кун журналисти ҳақиқий аҳволни холисона акс эттиришдан ташқари шу мамлакатнинг фуқароси сифатида ўз нуқтаи-назарини ҳам баён этиши талаб қилинади. Танқидга муносиб манзилни аниқлаш жасорат эмас. Агар муаммоли ҳолат ҳақида фикр айтдингизми, марҳамат, унинг ечими хусусида таҳлилий мулоҳазангизни ҳам билдиринг. “А” деган одам “Б”сини ҳам айтиши керак. Шу жиҳатдан олганда китобдан жой олган “Јантаки ўрик нави йўқолиб кетаверадими?” сарлавҳали мақола эътиборга сазовордир. Бир қарашда мавзу боғдорчиликка бағишлангандек. Аслида эса мақола Фарғонада, унинг Риштон туманида ер билан ишлашдаги камчиликлар тўғрисида баҳс юритади.

Қизиқ, қишлоқ хўжалигига дахлдор, ҳатто дахлдор бўлмаган ташкилотлар асосий эътиборни, ишчи кучини экиш, парваришлаш, йиғим-теримга йўналтиришга ҳаракат қилишади. Ҳолбуки, ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан ўзгартирмай туриб бошқа юмушларга зўр бергандан фойда йўқ. Айтайлик, 12 йил ичида Риштон туманида 6 марта ҳоким, бир неча ўнлаб марта хўжалик раҳбарлари алмашди. Лекин пировард натижада ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланмаяпти. Хўш, нима, Риштонда деҳқон ҳам, мутасадди мутахассису ташкилотчи раҳбарлар ҳам шунча йиллардан буён бирдек ёмон ишлаяптиларми? Улар шартномани адо этиб, эл-юрт олдида ёруғ юз билан юришни истамаяптиларми? Балки масаланинг бошқа, масалан, ер шароити билан боғлиқ томони ҳам бордир? Балки дон ва пахтачиликда шартнома учун белгиланган ҳосилдорлик кўрсаткичи ернинг ҳақиқий қуввати, бонитети кўрсаткичига мос эмасдир. Агар шу гапда заррача асос бўлса, нега энди деҳқон ошириб белгиланган ҳосилдорлик кўрсаткичига эриша олмагани учун маънавий ҳамда моддий жабрланиши лозим.

Муаллиф бу фикр билан чекланмайди. Тумандаги ерости сувларини чиқариб ташлаш, зах қочириш, ички зовурларни тозалаш ҳолати ҳақида мутасаддилардан аниқ маълумотларни олади. Бу юмушларда ишлатиладиган техника воситаларининг унумдорлик кўрсаткичи билан қизиқади. Шимолий Боғдод коллектори “Аччиқкўл” мелиоратив тизими бошлиғи Комилжон Ўринбоев фикрларига таяниб хулоса қилади. Мулоқот якунида суҳбатдош ҳовлисида 150-180 йиллик қантак ўрик дарахти қуриб қолганини айтади. Сабаби қишлоқдаги ерости зах суви ер юзига чиқиб кетганлиги туфайли. Мана, туманнинг деҳқончиликда қолоқликка тушиб қолганлигининг боиси.

Баъзан оёғимиз остида хазина турганлигини илғамай, узоқ-узоқларга боришни маъқул кўрамиз. М. Обидовнинг “Олтиариқ сиҳатгоҳи” мақоласини ўқисангиз, бунга ишонч ҳосил қиласиз, 1979 йилда Олтариқ туманининг Јизилтепа қишлоғида уруш ва меҳнат фахрийлари сиҳатгоҳи очилган бўлса, ҳозир бу даргоҳ Марказий Осиёда кўзга кўринган шифобахш масканга айланган. 1800 метр чуқурликда 60 йилдан буён ўз оқими билан бир хил оқимда чиқаётган сув таркибида кальций, магний, литий, натрий, калий, стронций, кобальт, никел, қўрғошин, руҳ, фтор, хлор, сульфат, гидрокарбонат, катион, анион каби микроэлементлар мавжуд. Олимларнинг айтишича, ҳатто Карлови Вари маъданли сув манбасида ҳам бу қадар мукаммаллик йўқ. Бу сувда тери, ҳаракат бўғинлари хаста инсонлар чўмилганларида бадандаги доғлар сўрилиб таранглашади ва тиниқлашади. Ҳассага таяниб келиб сувга тушганлар эса 3-5 муолажадан сўнг мустақил юра бошлайдилар.

Ватан туйғуси, унинг бетакрорлиги, она каби ягоналиги ҳақида кўп ёзилган. Јайси ўлкада унинг фарзандлари ўз заминига содиқ бўлса, ўша тупроқ гуллаб-яшнайди. Асосий иш фаолияти сўз билан бўлган қаламкашлар Ватан ҳақида такрор-такрор ёзишадию, баъзан бу сўзлар шунчаки чақириқ, даъватлардан иборат бўлиб қолгандай. Айтайлик, “Биз Ватанимизни севамиз” деган деклоратив гап инсонлар қалбига етиб бормаса керак. Муҳаммаджон Обидовнинг “Ватан туйғуси ёки “ака Борис” тарихи” ҳикояси жуда катта ҳажмда эмас. Лекин муаллиф баёни муштарийнинг баданини жимирлатиб юборади. Ҳикоя қилинишича, муаллиф Ўзбекистондан 13 минг километр наридаги Австралияга сафарга борганда Мельбурн шаҳри кўчаларида анча йил Тошкентнинг Кўкча маҳалласида яшаган қўшниси Борис акани кўриб қолади. Яҳудий миллатига мансуб бу зот қадрдонини зўр ҳаяжон билан кутиб олади. Ўзбекистондан Исроилга, сўнг Америкага, ундан Австралияга келиб қолган инсон ўзбекистонликларни уйига таклиф қилади. “Ака Борис”нинг биринчи саволи маҳалла оқсоқоли Олим ака ҳақида бўлади. Оқсоқолнинг оламдан ўтганлигини эшитиб ҳўнграб йиғлаб юборади. “Жойи жаннатда бўлсин, менга жуда меҳрибон эди. Онам вафот этганда биринчи бўлиб уйимизга кириб, “Борис, нима каминг бор, тортинмай айтавер. Бошқа миллатсан деб ўтирмайди ҳеч ким, ахир биз бир маҳалламиз” дегандилар”.
Мезбоннинг туриш-турмуши яхши, моддий қийинчиликлар йўқ экан. Лекин…

— Ўзбекистонда мен ҳамма учун “Борис” эдим. Ўнлаб дўстларим, улфатларим, маҳаллам бор эди. Бу ерда-чи? Бу ерда хотиним ва ўғлим учун Борисман. Остона ҳатлаб ташқари чиқдимми, ҳеч ким мени танимайди. Гўё оқар дарёга қўшилган заррадек одамлар орасига сингиб кетаман.
Она тилимизда “Дунё кўрган” деган ибора бор. Бу “кўча кўрган”, “давра кўрган” каби тушунчалардан ҳам кенг маънони англатади. Фақат ўз Ватани ҳудуди билан чекланиб қолмаган, она сайёрамизнинг бошқа минтақаларини ҳам ўз кўзи билан кўрган, таассуротларини қиёслаб таҳлил қилган инсонга нисбатан шундай таъриф берилади. Муҳаммаджон Обидов ўз китобига “Мен кўрган дунё” деб жуда катта юкни зиммасига олган. Мустақиллик туфайли юртимиз фуқаролари Ер юзининг турли томонларига сайру саёҳат қилишяпти. Шу аснода ўзбек дунёни танияпти, дунё ўзбекларни кашф этяпти.
Лекин Муҳаммаджон Обидов ҳикоя қилган сафар таассуротлари бошқалардан бироз фарқ қилади. У дунёнинг турли бурчакларига ёлғиз ўзи эмас, балки ташкилотчиликни яхши йўлга қўйганлиги туфайли Фарғона вилояти журналистлари билан бирга йўлга чиқади. Ҳозирча фарғоналик журналистларнинг бу тажрибаси бошқа вилоятларга татбиқ этилганини учратганимиз йўқ.

Ана шу сафарлар ҳақидаги йўл очеркларини ўқиб, касбдошларимизга ҳавасимиз келди. Ижодкорларимизнинг Санкт-Петербургдаги ҳамкасблари билан бўлган учрашуви ниҳоятда мароқли бўлибди. Мазкур мулоқотда одатдаги шакаргуфторлик эмас, амалий тажриба алмашинуви содир бўлибди. Масалан, бизнинг вакиллар Россия нашрларига эътироз билдириб, баъзида Ўзбекистонга келмай, одамлар билан учрашмай миш-миш ёки интернетдаги муаллифи тайинсиз, мазмуни ҳақиқатдан йироқ маълумотларга асосланиб, ҳаёт ҳақиқатини бузиб кўрсатиш ҳоллари рўй бераётганини мисоллар орқали баён этишибди. Смольнийдаги учрашувда эса ҳукуматнинг расмий вакили “Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган турли даражадаги меҳмонларни қабул қилганман. Аммо собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатлардан журналистлар делегацияси биринчи бор келиши. У ҳам Ўзбекистонда бўлди” дейиши муҳим эътироф бўлган.

Фарғоналик журналистлар Жанубий Корея заминига етиб борганларида йирик шаҳарлардан бири — Йонгинда “шаҳар куни” байрам қилинаётган экан. Тантана давомида Америка, Хитой каби Йонгин билан биродарлашган мамлакат вакиллари қатори фарғоналик журналистлар иштирок этаётганлигини ажиб виқор билан эълон қилишибди.

Хитойга қилинган сафар ҳақидаги ҳисобот ҳам китобдан жой олган. Юртимиз вакиллари Фарғона вилояти мисолида мустақиллик йиллари Ўзбекистон эришган улкан ютуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар ёзиб, уни Хитой тилига таржима қилиб, Шандун босма нашрларига беришди. Чунончи “Чилу Вамба” газетаси “Фарғона — Ўзбекистоннинг марвариди” сарлавҳали мақолани чоп этди.
Кўп ҳолларда шундай бўлади: Ўзбекистондан узоқ-узоқларда жойлашган айрим радиожурналистлар юртимиз ҳақида бир тарафлама, таг-замини пуч далиллар, миш-мишларга асосланиб чиқиш қиладилар. Бундан энсамиз қотади, елка қисиб ажабланамиз. Аслида бу бўҳтонлар аллақайси кучларнинг ҳаром насибаси эвазига пайдо бўлаётганини биламиз. Муҳаммаджон Обидов эса ҳеч қуюшқонга сиғмайдиган ахборотларга қарши кураш эълон қилади. Бунинг учун кенг дунёқараш, кўп соҳалардан хабардорлик, муҳими, журъат керак. ўоявий мухолифнинг ёлғонларини фош этиш, ўша мавзуда ҳаётий ҳақиқат қандайлигини яхши билиш ҳамма эплайдиган юмуш эмас. Шу маънода китобдан М. Обидовнинг “Холислик меъёри қаерда?”, “Озодлик мухбири МХХда ишлайдими?”, “Фермер нега тажанг?”, “Соғлом ақл, холис муносабатдан юз ўгирганлар?” сарлавҳали чиқишларида асл ҳақиқатнинг тагига етиш учун мантиқ кучига таянилгани яққол намоён бўлган.

Китобни зерикмасдан ўқийсиз. Агар далил ва аргументлар камдек кўринса, унга илова қилинган дискни очиш орқали қўшимча маълумотларга эга бўлишингиз мумкин. Хуллас, Муҳаммаджон Обидов нигоҳи орқали бугунги дунёнинг турфа манзараларига назар ташлаш мумкин.

Шуҳрат ЖАББОРОВ