Матбуотнинг “маҳаллий”си бўлмайди
Ўзбекистонда сўнгги йилда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар туфайли жамият ўзгарди. Одамлар “уйғонмоқда”. Ўн йилликлар давомида қатъийлашган “ўзингдан каттага гап қайтарма, у барибир ҳақ”, деган ҳаётий мезон, ўзгариб бораяпти. Ўйлаганини, тўғри деб билганини айта олиш, баҳсга киришиш, ўз фикрини, муносабатини ҳимоя қилиш, демакки, сўз эркинлиги турмуш тарзимиз мезонига айланмоқда. Бу эса матбуот эркинлигини янги даражага олиб чиқди. Интернетдаги айрим сайтларга бир кунда юз минглаб ўқувчи мурожаат қиляпти. Телеканалларимиздаги баъзи кўрсатувлар миллионлаб томошабинларни йиғмоқда. Кўча-кўйда, йиғин ва маросимларда ҳам ОАВларда кўтарилган мавзу ва воқеликларнинг баҳсли муҳокамаси давом этмоқда. Ҳа, тан олиш керак, ўтган бир йил Ўзбекистон жамиятини ўзгартира олди.
Устозларимиз журналист воқеликдан бир қадам олдинда юриши керак, деб ўқитганлар. Лекин бугун шундай бўла олмадик. Аксинча, мамлакат раҳбари қабул қилган фармон ва қарорлар ортидан “чопиб” юрибмиз. “Жуда тўғри ва зарур қарор қабул қилинди,” деймиз. Аммо унинг моҳияти мавзусини аввалроқ матбуотда кўтариб чиқмадик, муаммога жамоатчилик эътиборини тортиб, бонг урмадик. Шу бугунги вазиятнинг ўзи бизга ибрат, сабоқ.
Аслида ким соҳада неча йил ишлагани эмас, қандай ишлагани муҳим. Бугун ҳурматли ҳамкасбларимиз матбуотда, айниқса, босма нашрларни аёвсиз танқид қилмоқдалар. Газеталарда, аввало марказий, отахон нашрларда жамиятимизда рўй бераётган сифат ўзгаришининг руҳи ҳамон сезилмаётгани бот-бот таъкидланмоқда. Мен ҳам уларнинг фикрини қисман қўллайман. Биз вилоятда ўтказиладиган ўқув-семинарларида “Жамият”, “Ўзбекистон овози”, “Оила ва жамият” каби саноқли газеталардаги ахборот йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш услуби, журналист маҳорати, тахририятнинг муаммо ечимидаги изчиллиги каби хусусиятларни таҳлил қиламиз. Аммо марказда бундай нашрлар жуда кам. Биз “Халқ сўзи” мамлакатнинг энг адади кўп “оммавий” газетаси сифатида замонавий журналистикамизда ҳам етакчилик қилиши, ибрат бўлишини жуда-жуда истаймиз. Расмий ахборот ва мақолалар билан бирга эркин мавзуларда баҳсли масалаларга ҳар кимнинг ўз муносабатини билдириб жамиятни фикрлашга ундайдиган чин маънодаги оммавий минбарга айланишини истаймиз.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва хориждаги ҳамкасб, тахлилчилар Ўзбекистон босма ОАВлари деганда, фақат мамлакат миқёсида чоп этиладиган газеталарни назарда тутишаётгани ва уларга қараб хулоса чиқаришаётгани унчалар тўғри эмас. Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган 700 га яқин босма нашр бор. Биргина Фарғона вилоятида уларнинг сони 80 дан ошиқ. Улар орасида зеҳнли танқидчиларимиз назарига тушмаётган газета, иқтидорли журналистлар борки, вилоят аҳли, газетхон аллақачон касбий маҳорати, замонга ҳамоҳанглиги борасида ўз муаллиф ва нашрларини таниб олган. Бир неча йиллардан буён узлуксиз равишда 5-10 минг ададда чоп этилаётган “Маънавият”, “Истиқбол йўли”, “Бувайда кўзгуси”, “Устоз” каби газеталар сафидан “Янги Фарғона”, “Бағдод ҳаёти”, “Хушвақт” нашрлари ҳам ўрин олди. Уларда ислоҳотларнинг йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммо ва камчиликларни дадил кўтариб чиқиш, уларни танқид қилибгина қолмасдан бундай нуқсонларнинг олдини олиш бўйича амалий фикрлар бериш, ҳар қандай муаммонинг сабабларини ўрганиш, мавзуга холис ва ҳаққоний ёндашишни кузатиш мумкин. Айрим мисолларга мурожаат қиламиз. Қўштепа тумани ҳокимлиги муассислигидаги «Истиқбол йўли» газетасида муштарийлардан келган мактублар асосида «Журналист суриштируви» рукни остида ёритилаётган ҳар бир таҳлилий ва танқидий мақола натижа бераётир. Масалан, фуқароларнинг таҳририятга қилган мурожаати асосида ёзилган «Янги раис ваколатга эгами?» таҳлилий-танқидий мақолада туманнинг раҳбари (ҳозирда собиқ) тавсияси билан ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни тартибга солуви амалдаги қонунчиликка зид услубда ўтказилган сайлов натижасининг ваколатли эмаслиги далиллаб берилган. Аммо собиқ ҳоким «мен айтган одам раис бўлади!» дея фикрида қатъий туриб олади. Таҳририят масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисига мурожаат қилди. Натижада, Дўрмон қишлоғида сайлов қайтадан ўтказилиб, қонун усутворлиги таъминланди.
«Хўроз қичқирмаса, тонг отмайдими?!» сарлавҳали журналист суриштирув ҳам бир гуруҳ муштарийлар мурожаати асосида дунёга келган. Унда чигит навини синаш станцияси учун ажратиб берилган майдонлардан агротехника талаблари асосида фойданилмаётгани сабабли оддий хўжаликларда янги навлардан юқори ҳосил олинаётган бир пайтда бу хўжаликда режалар сурункали бажарилмай келинаётгани сабаблари очиб берилди. Бу муаммо ҳам таҳририятнинг қатъияти билан охир-оқибат Олий хўжалик суди аралашувида бартараф этилди. «Фаолликни амалда қачон исботлайсиз?» (сиёсий партияларнинг туман ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётидаги роли ва таъсири етарли эмаслиги хусусида), «Ўринсиз баҳоналар, бефарқ раҳбарлар» (ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришдаги ўзибўларчиликлар ҳақида), «Ҳаммомларга бир назар» (саломатлик манбаи бўлган ҳаммомлар қурилиши ва мавжудлари ишламаётгани тўғрисида), «Абадият»да нима гап?» (туман марказидан энг олисдаги қишлоқ аҳолисининг ҳақли талаблари қондирилиши кераклиги ҳақида) ва бошқа бир неча ўнлаб мақолалар жойлардаги муаммолар ечимига хизмат қилди.
“Маънавият” газетасида чоп этилган “Талабалар сессиясидаги ўйлар”, “Тўйларимиз қачон тартибга тушади?”, “Тўй-маънавият кўзгуси” каби таҳлилий-танқидий мақолаларда кўтарилган мавзулар кенг жамоатчиликда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Газета фақатгина бу мақолалар билан чекланиб қолмай, унга нисбатан турлича муносабатдаги фикрларни ҳам чоп этди. Бу эса жамиятда йиғилиб қолган баъзи бир муаммоларга жамоатчилик назорати пайдо бўлишига ҳам хизмат қилди.
“Устоз” газетасидаги “Бола жиноятга қўл урса… Бунга ким айбдор? Унинг ўзими, ота-онасими ёки ўқитувчи?”, “Битирув тадбирлари: дабдабаларга ким сабабчи?”, “Интернетдаги таҳдидлар: тўғри йўлдан адашманг”, “Соч ёзиш одобданми?” ва бошқа бир қатор танқидий-таҳлилий мақолаларда фарзанд тарбиясидаги долзарб муаммолар қаламга олинган. Шуни айтиш керакки, газетанинг бу мақолалар чоп этилган сони қўлма-қўл бўлди. Маҳалла, мактаб, ўқув юртларида муҳокама қилиниб муносабат билдирдилар.
Ёки “Янги Фарғона” газетасини олайлик. Аслида ижобий тажрибани оммалаштириш мақсадида чоп этилган Учкўприк тумани Тепақўрғон МФЙ худудидаги хонадонларда томорқасидан бир йилда 3 марта ҳосил олаётган инсонлар ҳақидаги “Томорқа – рўзғор баракаси” мақоласи тортишув, баҳс мунозарага сабаб бўлди. 5-10 сотих томорқаси бўла туриб ҳеч нима экмаётганлар сув таъминоти, уруғчилик, махсулотни сотиш каби қатор муаммоларни кўтариб чиқдилар.
Бу бир қарашда майда масаладек туюлар. Лекин газетада ҳар икки томонга ҳам минбар, ўз фикри тўғрилигини исботлашга имкон берилиши илгари бир ёқлама тарғиботчига айланган газетага янгича руҳ бағишлади. Унинг ихтиёрий муштарийлари сафи ортди. Қолаверса, “Янга Фарғона” тамомила янгича қиёфа касб этди. Дизайни, ҳеч муболаға эмас, мамлакатимиздаги энг кўримли шаклда. Сарлавҳа танлаш, мақоладаги муҳим сатрларни ажратиб кўрсатиш, ихтибосларни бошқа ўлчовдаги харфлар ва рангда жойлаштириш, фотосуратларда эркин ҳаётий холатни акс эттириш… мавзулар долзарблиги ва журналист малакаси билан уйғунлашиб талабчан ўқувчи эхтиёжини қондираётгани қувончлидир.
Ҳа, вилоятларда шу каби газеталар бор. Чимён медиалагери чоғида Самарқанднинг “Зарафшон”, Амударёнинг “Амударья тарақияти”, Жомбойнинг “Жомбой тонги”, Наманган шаҳрининг “Наманган садоси” каби нашрларидаги руҳ, журналист маҳорати, газетачилик тажрибаси умумўзбек матбуотининг юзи бўла олишини кўрдик.
Шу ўринда яна бир гап. Баъзи ҳамкасбларимиз, ҳатто ҳурматли олимларимиз ҳам “маҳаллий матбуот” деган иборани қўллайдилар. Мен бундай таснифга мутлақо қаршиман. Матбуотнинг “марказий” ёки “маҳаллий”си бўлмайди. ОАВ ва унда айтилган сўз учун таҳририят ва муаллиф Тошкентда ҳам, Фарғонада ҳам қонун оладида баравар масъул. Гап нашрнинг марказда ёки вилоятларда чоп этилаётганида холос.
Биз замонавий журналистика ҳақида гапирган, таҳлил қилган пайтда Ўзбекистондаги барча ОАВларни билиш ва назарда тутишимиз адолатдан бўлади.
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.