Хотира

Жанг майдонидан лавҳа тайёрлашдаги таассуротлар (видео)

Байрамларни интиқиб кутаману, кейин, ўша кунлари бир оз ранжиб оламан. Умр бўйи телевидениеда ишладим. Унинг 20 йили «Ахборот»да ўтди. Шу ерда ўзимни топдим. Озми-кўпми, хар холда эл таниди. Парламент депутатлигига сайландим. Хизмат кўрсатган журналист унвонига сазовор бўлдим… 27 июнь – касб байрамимизда бутун вужудим гўё қулоққа айланади. Тошкентдан, умримни бағишлаган севимли жамоимдан, телевидениедан, «Ахборот»дан бир қўнғироқ, биргина қўнғироқ кутаман. Кутиб-кутиб байрамни ўтказаман. Кейин «ха энди, улар жуда банд-ку», дейман ўзимни юпатиб.

Ватан ҳимоячилари кунлари хам шундай. Яна вужудим қулоққа айланади. Интиқлик, интизорлик ором бермайди. Бу гал Мудофаа вазирлиги, ижодий уюшмамиз, ҳокимият… дан кутаман. Яна биргина қўнғироқ кутаман. «Табриклаймиз», деган сеҳрли сўзни кутаман. Кута-кута бу байрамни ҳам ўтказаман. Кейин компьютерни очиб уч ой Боткен тоғларида, Кон, Зардоли, Хўжаошган қишлоқлари, Абрамов музликларигача Тохир ва Жума бошчилигидаги жангарилар билан урушда олинган видеотасмаларни, фотосуратларни бир-бир кўриб чиқаман.

Эҳ, қанча-қанча норғул йигитлар умри хазон бўлди, ўшанда. Бизчи, аккредитациясиз, бир мири ақчасиз, озиқ-овқатсиз, кунлаб, уч кунлаб тоғ олмасини еб қорин шишириб бўлса-да, воқеликлар ҳақида кундалик репортажлар бериб тургандик. Уч бор Қирғизистон хавфсизлик хизмати бизни (тасвирчи Шуҳратжон Мирзакаримов иккимизни) қамаб қўйди, кейин ҳудуддан чиқариб юборди. Лекин топшириқни бажариш учун яна ва яна яёв тоғлар ошиб воқеа жойида камера кўтариб юравердик. То Абрамов музликларига етгунча… Бу орада не гаплар ўтмади, не воқеалар кечмади, дейсиз.

Келаси йили ўша жангарилар энди Жирғатол орқали Сариосиё тоғларига бостириб келди. Тажрибаси бор дея, яна бизга ишонч билдирилди. Бир ой аммо бир умрлик дахшатли воқеалар ичида юрдик. 26 нафар ўзбек ўғлонлари бу урушда шаҳид кетди. Уларнинг деярли барчаси биз тасвирга туширган тасмаларда абадий қолди… Ўзимизчи? Бир гал душман ўқи шундоққина қулоғимнинг ёнидан ўтиб кетди. Бир худо асради, дедим. Кейин ўқ тасвирчининг елкасидаги камерани ялаб ўтди. Хайрият, Шуҳратжон омон эди. Фақат окуляр синиб кетди. Яна бир гал… Биз 16 кун давомида ҳар куни эрталаб соат 5:00 да бир вертолётда воқеа жойига учиб борар эдик. Тасодиф туфайлигина 17-куни вертолётга кеч қолдик, кейин билсак, вертолёт шу куни тоғда ўққа тутилганди… Буларни кўравериб дийдамиз қотганди. Неча бор жароҳатланган жасур, мард аскар йигитларни тоғ ўрмони-ю, жарликлардан биргалашиб олиб чиқдик. Неча бор жангариларнинг жирканч жасадларини ҳам тасвирга туширдик… Ҳали бу воқеалар ёзилмаган, ўрганилмаган, таҳлил қилинмаган тарих! Ҳарбий тарих!

Оллоҳ асради бизни. Ҳар икки жанг майдонидан соғ-омон қайтдик.

Биз Шуҳратжон раҳматлик билан бирон марта бўлса-да, бу воқеаларни рўкач қилиб бирон идорага бормадик. Негаки ҳар куни ўша, жанг ҳаракатлари бўлаётган майдонлардан тайёрлаган телерепортажларимизни бутун мамлакат аҳли кутиб, кўриб борарди.

Лекин орадан йиллар ўтгач, баъзида, байрам кунлари биз ҳам бироз эътибор, бир оғиз табрикка муносиб эдик-ку, деган туйғу вужудни қулоққа айлантиради. Хайриятки, Президентимиз барчамизга табрик юборадилар! Захирадаги зобит сифатида мен хам улар сафида эканимдан ғурурланиб қўяман.

Байрам ҳаммага муборак бўлсин!