Янгиликлар

Нега оғир жиноят содир этган шахсга ижобий тавсифнома берилмоқда?

Кузатишлардан шуни нарса маълумки, маҳалла фуқаролар йиғинлари судланаётган шахсларга кўп ҳолларда ижобий тавсифнома бериши одат бўлиб қолган. Ўринли савол туғилади. Наҳотки, шунча ижобий фазилатлари санаб ўтилган шахс қандай қилиб оғир жиноят содир этиши мумкин? Наҳотки, бу тасодиф бўлса. Балки шундайдир ҳам. Аммо барча судланувчиларга ижобий тавсиф берилиши реал ҳаётни акс эттирадими?
Фарғонада Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган вилоятдаги суд идораларининг олиб бораётган ишларига бағишланган мулоқотда ана шундай мулоҳазали саволлар ҳам ўртага ташланди.
Унда Жиноят ишлари бўйича, Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари, вилоят Иқтисодий суди, Маъмурий суди раислари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасидаги ислоҳотлар юксак самара бераётгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, судлар фаолиятига оид соҳага киритилган қатор ўзгаришлар судлар томонидан ҳар бир иш бўйича адолатли қарор қабул қилиш ва пировардида аҳолининг ишончини қозонишга замин яратмоқда. Айниқса, умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил қилинганини алоҳида қайд этиш зарур. Чунки бунинг натижасида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларни малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
– Одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ягона суд амалиётини шакллантириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда, – дейди Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Туланов. – Жорий йилнинг тўрт ойи давомида жиноят ишлари бўйича вилоят, туман ва шаҳар судларининг иш юритувига 1 минг 153 шахсга нисбатан 890 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, 1 минг 261 шахсга нисбатан 1 минг 2 та жиноят иши тугатилган. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан 7 та жиноят иши бўйича 7 шахс оқланган. Ёшлар иттифоқи томонидан 83 нафар шахсга, хотин-қизлар қўмитаси томонидан 3 нафар шахсга, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан 38 нафар шахсга нисбатан берилган кафиллик судлар томонидан инобатга олиниб, судланувчиларга нисбатан енгилликлар берилди.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга суд раисларидан жавоб олди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси М.Обидов мулоқотни якунлар экан, ҳали журналистларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан ҳам кўп ишлар қилиниши кераклигини таъкидлади.
– Бераётган саволимиз бизнинг ҳуқуқий онгимизнинг инъикосидир, – дейди М.Обидов. – Айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида қалам тебратиш жуда масъулиятли. Демак, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қонуншунослар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутахассислари иштирокидаги ўқув-семинари ҳам ташкил этиш лозим. Уюшма қошида яқинда “Ҳуқуқий журналистика клуби”и очилиб, иш бошлади. Бугунги тадбирда вилоят суд идоралари ва журналистларнинг бу каби мулоқотлари мунтазам равишда ўтказилиши бўйича келишиб олинди.
М.СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат)