Тадбирлар

Қорақалпоғистонлик журналистлар Ёзёвондаги Наврўз байрамида

Қорақалпоғистонлик бир гуруҳ журналистлар Фарғона вилоятида бўлиб ўтган Х анънавий «Чимён» медиафорумида иштирок этдик. Медиафорумдан бир олам таассуротлар олдик. Мен медиафорумда иккинчи бор иштирок этдим. Биз бу ерда ўрганган тажрибаларимизни Қорақалпоғистон матбуотида жорий этамиз.

Водийда қорақалпоқ миллатига мансуб аҳоли ҳам яшайди. Улардан Ёзёвон туманининг “Мустаҳкам дўстлик” МФЙда яшовчи қорақалпоқларни айтиб ўтиш мумкин. Ёзёвон тумани билан Қорақалпоғистон ўртасида алоқа ўрнатилган. Бунда ҳар икки томон журналистларининг хизмати бор.

Бизлар ҳам ўтган йили бу маҳаллада бўлиб, қорақалпоқ миллатдошлар билан танишиб, телекўрсатув таёрлаган эдик. Бу йили ҳам медиафорумдан сўнг оғайниларни кўрмоқ учун Ёзёвонга келдик. Қорақалпоқлар ҳаёти, турмуш тарзи ҳақида радиоэшиттириш тайёрладик.

Қорақалпоқ халқида «Яхшининг меҳмони қўшалоқ келади», деган ҳикматли гап бор. Биз меҳмонда бўлган куни Ёзёвон туманида Наврўз байрами нишонланаётган экан. Биз ҳам байрамда иштирок этдик. Туман ҳокими ва бошқа раҳбарлар билан кўришдик.  Байрам тадбири бизда катта таассуротлар қолдирди.

Бизнинг  байрамда қатнашимизда хамроҳлик қилган “Мустаҳкам дўстлик” маҳалласи оқсоқоли Низомиддин ака ва ёшлар етакчиси Жўрабек Собиров, қолаверса, Ёзёвон туманига ташрифимизда доимо кўмакдош бўлиб келаётган “Марказий Фарғона» газетаси журналистларидан миннатдормиз.

Биз ҳам ёзёвонлик дўстларимизни Орол денгизи бўйларидаги шундай байрамларда қатнашишга таклиф қиламиз. Овулга Мустаҳкам дўстлик, дея ном топиб қўйилган экан. Борди-келдилар, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади,  деб ишонамиз.

Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин, азиз биродарлар!

Абдумалик Хўжаназаров,
«Ақманғыт таны» газетаси редактори. Қорақалпоғистон Республикаси.