Менинг фикрим

Одамийликми, “мажбурий меҳнат”?

Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда бир гап айланиб қолди: Риштонга ҳашарга борганлар “меҳнатга мажбурланган”лар эмиш.

Сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги замони. Биз ҳам муносабатимизни билдирайлик дедик.

Риштоннинг марказий йўл четидаги хонадонларнинг бир қисми айнан шу йўл кенгаяётгани муносабати билан бузилган. Уларга компенсация пуллари тўланмоқда, ер участкалари ажратиб бериляпти. Ғишт, цемент, қум каби қурилиш материалларидан беғараз ёрдам кўрсатиляпти. Вақтинча ишсизлардан 1400 нафарига иш ҳақи тайинланиб, ободонлаштириш жараёнида иштирок этиши учун ҳар бир хонадонга ёрдамчи сифатида бириктирилди. Аммо август келди. Куз дарвозаси кўринди. Ҳадемай ёмғирли кунлар бошланади. Фарғонанинг барча шаҳар-туманларидан 150 чоғли одам бирон идора эмас, қалб чақириғи, ўз ихтиёри билан кунда, кун ора ёрдамга келаётгани кузатилаётган эди. Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунлари жамоат ташкилотлари, корхона ва муассасалар, ёшлар ташаббус кўрсатиб, Риштонда ҳашар ўтказмоқчи бўлдилар. Аслида бу ҳам қалб амри билан эди. Ҳеч ким ҳашарга боришга мажбурланмаган. Билишимизча, 13,5 мингга яқин одам риштонликларга елка тутиб келибди, ўша кунлари. Мен ҳам шу ерда эдим. Барчанинг юзи ёруғ, руҳи  кимгадир ёрдами тегаётганидан бир оз бўлсада фахрда. Кимдир ғишт ташиди, кимдир устага лой олиб бериб турди. Кимдир супириб сидирди, қурилиш чиқиндиларини тозалади. Яна ким қозон бошида ош дамлади. Елкасида дурраси, терини артиб хиргойи қилиб ишлаётганлар қанча! Тушликда, дала қозон ёнида тарвуз талашиб аския бўлганлар қанча? Санъаткорлар қўлида тори, ёнида гижбадабанг чилдирма, уйма уй юриб қўшиқ куйлаётганда юракдан мириқиб рақс тушганлар қанча? Қатъий жадвал остидаги “иш – уй – телевизор” йўналишини бузиб бир кун бўлсада, кимларгадир беғараз ёрдами текканидан қувонганлар қанча?… Бундай манзарани кўриш, кузатишнинг ўзи дилга олам-олам қувонч бағишларди. Кечқурун хонадон эгалари ёрдамга келган ҳашарчиларни узоқ  дуо қилиб кузатдилар. Кўзига ёш олиб миннатдорчилик билдирганларни кўрдим. Ва ўйлаб қолдим. Биз темирдан ясалган роботлар эмасмиз. Биз инсонмиз. Туйғулар қалбимизга қувонч ва изтироб бера оладиган ҳиссиётли жонзотмиз.

Риштондан қувониб келдим-у, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бугун мен билан кун бўйи аҳилликда ишлаган, хонадонларнинг қад ростлашишига сидқидилдан ҳисса қўшганларни “меҳнатга мажбурланган” дея таърифлаганини кўриб ҳайратдан ёқамни ушладим.

Биз Ўзбекистонда яшаймиз. Биз мусулмонлармиз. Қонун ва меъёрий ҳужжатлардан ташқари биз ҳеч бир миллатда йўқ одамгарчилик деган инсоний мезонлар, исломнинг меҳр улашувчи ахлоқий ақидаларига ҳам қалбан бўйсуниб яшаймиз. Бундай анъанадан ҳатто шўро замонида ҳам чекинмаган халқ. Ҳашар билан 240 километрлик Катта Фарғона канали 45 кун деганда кавланганида унда ишлаганларни ҳозиргача ҳам “меҳнатга мажбурланган” демадилар. Наҳотки Тошкент зилзиласида вайрон бўлган хонадон эгаларига ёрдамга чиққанларни “меҳнатга мажбурланган”лар дейиш мумкин эди?

Яқин кунларни эслайлик. Манасга бутун республика ёрдам бермадими? Оролдаги хавф -хатарни оз бўлсада бартараф этишга барча вилоятдан кўнгиллилар ёрдамга бормадими?

Риштонда ҳашар учун жамғарма очиб, аввалги йилларидаги каби “шанбалик” дея одамларнинг иш ҳақидан мажбуран ушлаб қолингани йўқку! Илгари бу пуллар қаерга кетганини ҳам ҳеч ким билмасди. Риштонда аниқ хонадоннинг аниқ яшовчиларига ихтиёрий кўмаклашди одамлар.

Маҳалламизда бирон хонадонга уста тушса ёрдамга чиқолмасак ҳеч йўқ бир маҳал усталар тушлигига ош дамлаб киритиб юборамиз. Буни “мажбурий меҳнат” дейсизми, ахлоқий фазилат дейсизми, сизга ҳавола. Ҳар ҳолда, қурилиш бошлаган хонадонга кўмак бериш Фарғонада, фарғоналикларда “меҳнатга мажбурлаш” эмас, инсоний бурч деб қаралади.

Муҳаммаджон Обидов