Эътироф

“Буюк ипак йўли” фестивали чорлайди

Марғилоннинг санъатдаги жамоли

Қадим-қадимдан куй ва сўз мисоли эгизак. Бинобарин ибтидода сўз, куй эса сўздан айро бўлмаган. Шу маънода сўз ва наво уйғунлашувидан пайдо бўлган, маданиятимизнинг олтин сарчашмаси бўлмиш фольклор санъати ҳам узоқ тарих қатига туташиб кетади. Фольклорнинг ҳайрат завқини бирваракайига кўнгилда туймоқ камдан-кам кишиларгагина насиб этади.

Марғилонда бўлиб ўтадиган “Буюк ипак йўли” халқаро анжумани мамлакатимизда илк маротаба ўтказилаётган фольклор форуми. Демак, тадбир ҳам фольклор санъати намуналаридан илҳомланган ҳолда илк марта саҳналаштирилмоқда. Айнан Фарғона заминида, хусусан, Марғилонда фольклор анъаналари қай даражада сақланиб қолганини намойиш этиш учун шаҳарнинг “Чодиржамол” ансамбли қизғин тайёргарлик олиб боряпти. 30 йилдан буён фаолият кўрсатаётган фольклор этнографик ансамбл ўзининг бой репертуари, жўшқин оҳанглари, нодир наволари, соҳир овозли санъаткорлари билан элда шуҳрат топган жамолардан.

Ипак юрти кўплаб алломалар ва санъатсеварлар, дарғалар камол топган манзил. Марғилонлик қизиқчилар, ҳофизлар, хонанда-ю созандалар, раққослар бетакрор санъатлари билан халқимиз ҳурматини қозонишгани тарихдан аён. Бунинг учун Юсуфжон ва Охун қизиқлар, Усмон қори сингари сўз усталари, Мадали ҳофиз, Маматбува ҳофиз, Уста Олим Комилов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Саодат Қобулова, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева каби лапар ва рақс пешқадамларининг номини эслаш кифоя. Зеро, уларнинг ҳар бири ўзбек анъанавий қўшиқчилиги, фольклор санъатида ёрқин, ширадор, жозибали ва таъсирчан овози, бетакрор хиромлари билан янги даврни бошлаб берган, санъат муҳлислари кўнглидан абадий ва муносиб жой олган улуғ санъаткорлардир. Шу боис санъатга ошуфталик бу ердаги ҳар бир инсонга хос хусусият десак тўғри бўлади. Шу маънода кўп йиллик меҳнат ва тажриба, имкониятлар туфайли эришилган ютуқлар  нафақат водийда, хатто республикада ҳам «Чодиржамол»нинг довруғини ёймоқда.

Ўтган давр ичида ансамблда сара устозлар фаолият юритди. Улар бобомерос анъаналарнинг оҳанг ва лапарлар орқали намоён бўлишида астойдил меҳнат қилдилар. Пойтахтимиздаги Мустақиллик ва Наврўз халқ тантаналари иштирокчиси «Чодиржамол» ансамбли  Украинанинг Киев шаҳрида этнографик жамоалари сафида совриндор бўлгани жамоанинг халқаро майдондаги илк ютуқларидан. Қолаверса, ансамбл 2002 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан ўтказилган «Бойсун баҳори» халқ фолклор этнографик жамолари фестивали ғолиби. 2011 йилда жамоа «Асрлар садоси» маданият ва санъат фестивалининг муносиб лауреати сифатида тақдирланди. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида ҳам муваффақиятли иштирок этди.  Марғилоннинг серфайз боғлари, таълим даргоҳларида ўтадиган тадбирларни, кечаларни айтмаса ҳам бўлади.  Унда катта-ю кичик «Чодиржамол»нинг чиқишларини интиқлик билан кутади. Ялла ва лапарларидан баҳраманд бўлишга ошиқади.

Бугун жамоада Олимжон Охунов, Валишер Юлдашев, Муҳаммаджон Назаров, Иномжон Аҳмедов, Кимёхон Шерматова, Зиёдахон Шерматова, Покизахон Саидакбарова, Акбархон Акбаров, Муродил Юсупов, Абдуғани Охунов, Абдулло Абдураҳмонов сингари хушовоз хонандалар фаолият кўрсатиб Марғилоннинг нафис санъатини тараннум этмоқдалар. Изланувчан жамоа “Шарқ бозори” номли бадиий дастур билан фестиваль меҳмонларини хушнуд этмоқчи. Шу кунга қадар “Наврўз сайли”, “Марғилон атласи” деб номланган, ҳосил байрамига атаб тайёрланган чиқишлар билан элга танилган жамоа “Шарқ бозори” дастурини ҳам пухта ва бетакрор жиҳатлар билан янада бойитмоқда.

–Марғилонимизнинг энг биринчи хусусияти, унинг ҳунарманд халқидир, – дейди ансамбль режиссёри Дилоромхон Султонова. – Шундан келиб чиқиб бадиий кўринишимизда дўппидўз, ковушдўз, маҳсидўз ва бошқа ҳунармандлар номидан наволар янграйди. Қолаверса, Марғилоннинг азиз фарзандлари Юсуфжон қизиқ, Тамарахоним, Маъмуржон Узоқов каби устозларнинг сиймолари гавдалантирилади. Бу машаққатли дастурни тайёрлаш, албатта, масъулият талаб этмоқда. Ҳар бир жамоа аъзоси буни юракдан ҳис этиб ишламоқда. Айниқса, мусиқа раҳбаримиз Муҳаммаджон Назаровнинг дастурни шакллантиришимиздаги меҳнати катта. Ўйлайманки, заҳматли меҳнатлардан кейин ижодий ишимиз халқимизга, хорижий меҳмонларимизга манзур бўлади. Зотан халқ қўшиқлари асрлардан асрларга безавол ўтиб келаётган, элнинг юрагидан чуқур жой олган мумтоз ва сўнмас оҳанглардир.

Асрларни ошиб яшаётган, халқнинг кўнгил кечинмалари, ёрга бетимсол муҳаббати, она заминга садоқат туйғуларини ўзида ифода этган қўҳна фольклор кўнгилларни кўнгилларга боғлайди. “Буюк ипак йўли” фестивалида Марғилоннинг санъатдаги жамоли бўлиб майдонга чиқаётган жамоа ўзларининг миллий, нафис ва гўзал қўшиқлари билан барчани мафтун этишига ишончимиз комил. Бардавом ютуқлар ва тинимсиз изланишлардан англасак бўладики, «Чодиржамол»нинг довруғи ҳали сарбаланд.

Мадаминжон Солижонов.

Абдуҳаким Раҳмонов.