Мутолаа

Журналистика ривожининг янги трендлари

Бугунги кунда замонавий журналистика бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишларда ривожланмоқда ва у билан бирга параллел равишда бир-бирига зид бўлган тенденциялар ҳам ривож топмоқда. Масалан, журналистика техника ва технологиялардан фойдаланиш нуқтаи назаридан эмас, балки мавзуларни ёритиш нуқтаи назаридан ҳам универсал бўлиб бормоқда, бироқ айни вақтда ўзига хос телеканаллар учун бизнес журналистикаси, спорт журналистикаси, саёҳат журналистикаси ва бошқа муайян мавзуларни ёритишга ихтисослашган кадрларга талаб ортиб бораётганини кузатиш мумкин.

Бир  вақтнинг ўзида маълумотлар шахсийлашиб бориш билан бирга ҳар қандай маълумотга глобал кириш имконияти ҳам вужудга келмоқда. Биз хабарни энди оммавий эмас, шахсан қабул қилмоқдамиз. Гаджетларимиз бизга олинган маълумотларни саралаш ва шахсий танловимизга кўра ўз медиа тасмамизни яратиш имкониятини бермоқда. Аммо шу билан бирга, ҳар қандай маълумот, хоҳ у ҳудудий газетада чоп этилсин, хоҳ минтақавий телевидениеда намойиш этилсин, уларнинг бари интернет туфайли глобал миқёсда барча учун мавжуд бўлмоқда.

Замонавий журналистика ривожидаги яна бир муҳим жараён бу унинг аудиторияси ва иштирокидир. Бугун журналист сифатида на мен ва на бошқа бир мухбир бирор ахборотнинг мутлақ эгаси бўла олмайди. Бизда энди контентга таъсир ўтказиш имкони йўқ, у ёки бу воқеага ишониш ёки ишонмасликни, уни давомли равишда бошқа манбааларга ҳам тарқатиш, тарқатмасликни, бу ҳикоянинг ҳам муаллифи бўлиш ё бўлмасликни эндиликда аудиториянинг ўзи ҳал этмоқда. Биз журналистлар аудиториямизнинг ана шу хусусиятларини инобатга олишимиз лозим, акс ҳолда бизнинг ахборотимиз ўз манзилига эга бўлмайди, адресатсиз эса касбимиз ўз мазмунини йўқотади.

Бугунги кунда жаҳон журналистикаси назария ва амалиётчилари яна бир тенденция: ижод маҳсулининг қадоғи муҳимми ёки контентнинг мазмуни асосийми? –деган масала устида бош қотиришмоқда. Шу ўринда муҳим савол туғилади: журналистиканинг сифатини нима оширади — маҳсулотнинг тақдим этиш усулими ёки унинг мазмуни? Албатта, саволмунозарали, ҳарқандай профессионал журналист контентнинг мазмуни аҳамиятли экани ва у доим устуворлигини таъкидласада, бугунги кунда контент тақдимоти ва унинг қадоқланиш усули муҳим рол ўйнашини инкор этиб бўлмайди. Юқорида айтиб ўтилганидек, бугун аудиториянинг медиа одатлари ҳамда қизиқишлари ҳам ўзгармоқда, агар контент яратишда биз ана шу жиҳатларни инобатга олмасак, аудиторияни шунчаки йўқотиб қўямиз.

Х авлод журналисти ва сиёсатшуноси сифатида ушбу тенденцияларнинг баъзилари мени чуқур ўйга толдирсада, аммо жаҳон оммавий ахборот воситалари бу тенденцияларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Замонавий ОАВлар ўз аудиториясини забт этишнинг янги усулларини ўйлаб топмоқда, газеталарни қўлимиздаги гаджетларимиз орқали ўқишга, китобларни қоғоз ҳолатида эмас, электрон тарзда мутоала қилишга, гарчи ўз актуаллигини йўқотиб бораётган бўлсада, телевизион контентга интернет, You Tube орқали қайтишга, радио тўлқинларини ҳам эндиликда бутун жаҳон ўргимчак тўри тизими орқали тинглашга ундаб, уларнинг барини интернетда мавжуд бўлишига уринишмоқда.

Мен журналистика бундан кейин ҳам шундай тезкор суратда ривожланиб, хилма-хиллиги кенгайиб боради деган фикраман. Биз журналист кадрлар тайёрлашда етакчи олий ўқув юрти сифатида медиа бозорининг анна шундай талабларини инобатга олишимиз ва соҳага кириб келаётган ёш авлодни шу каби янги жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда тарбиялашимиз керак.

Яна бир тенденция – бу кадрлар тайёрлашга бўлган хилма-хил ёндашувнинг ёқланиши. Оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар соҳасидаги баъзи олий таълим муассасалари таълим дастурларида универсалликка риоя қилишса, бошқалари таълим беришда дифференциал ёндашувни ёқлашмоқда. ЎзЖОКУда эса биз ихтисослашув муҳим деган ғояни ёқлаган ҳолда, ҳарйили махсус соҳалар бўйича янги таълим йўналишларини ташкил этмоқдамиз. Журналист ва шу соҳага ихтисослаштирилган етакчи олий ўқув юрти ректори сифатида мен журналистларнинг янги авлоди медиа соҳада лидер бўлиш олишларини, ҳар қандай муаммоли вазиятларни эркин айта оладиган даражада етишлари учун уларнинг услуби ва қалами ўткир бўлиши муҳим деб ҳисоблайман. Бунинг учун эса улардан масалага танқидий ёндашиш, жасорат, доим янги билимларга интилиш ва ҳар доим айтган сўзи учун масъулиятни ўз зиммасига ола билиш талаб этилади.

Афсуски, тенденциялар орасида ижобийлари билан бирга салбийлари ҳам учрайди. Бугунги кунда журналистика кўп ҳолларда шов-шувли фейк хабарлар ва дезинформация қурбонига айланиб қолмоқда. Рақобат муҳитида ғалаба қозониш ва биринчи бўлиш учун ОАВ кўпинча ҳақиқатни шов-шувга айлантиради, ўз аудиторияси сонини ошириш учун ҳатто шошилиб, ҳали аниқ манбаалар томонидан тасдиқланмаган, ёлғон маълумотлар, сохта хабарларни ҳам нашр этади. Шу тарзда журналистика касбига ва аудиториянинг ОАВга бўлган ишончига катта зарар етади.

Бугунги кунда ахборот муҳитидаги рақобат улар ҳоҳ журналистик ҳоҳ соф блог форматидаги манбаа бўлишидан қатъий назар каналлар, дастурлар ва ёки веб-сайтлар ўртасида эмас, балки контент ишлаб чиқарувчилар ўртасида кечмоқда. Чунки медиа маконда куннинг энг муҳим воқеликларини белгилаб берувчи ахборот тарқатувчилар лидерга айланишмоқда. Биз бугун сиз билан медианинг айнан шундай кўп қиррали ва ҳар жиҳатдан мураккаб бўлган даврида яшамоқдамиз.

ЎзЖОКУ ректори,  Ўзбекистон Миллий Медиа Ассоциацияси бошқарув раиси Профессор, Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА

 

«Замонавий журналистиканинг долзарб муаммолари» II Фарғона халқаро конференцияси тўмламидан