Эътироф

Сирдарёлик журналистлар таассуротлари

Фарғона туманининг “Чимён” сиҳатгоҳида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуида анъанавий Х Чимён медиафоруми ўтказилди. Унда бир гуруҳ Сирдарёлик журналистлар ҳам иштирок этишди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги кўмагида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган анъанавий медиафорумда Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 70 нафардан зиёд журналистлар, матбуот соҳаси вакиллари, ОАВ муҳаррирлари қатнашди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Ахборот Агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов, “Дунё” Ахборот Агентлиги Бош директори Садриддин Суяров, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, ўзбек журналистикаси дарғаларидан Карим Баҳриев ва бошқа кўплаб соҳанинг таниқли вакиллари иштирокида бўлиб ўтган форумнинг очилиш тадбирида Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ҳам иштирок этди.

Медиафорум ишининг кейинги кунларида Журналистика ва оммавий ахборот коммуникациялар университети ректори, ЎзЭОАВМА Бошқарув раиси Шерзодхон Қудратхўжа, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дониёр Ғаниев ва Умид Жабборов, “Рост 24” интернет сайти бош муҳаррири Анора Содиқова, Америка қӯшма штатларидан Фарғонага медиафорум ӯтказиш учун келган «Дунё ӯзбеклари» сайти раҳбари Исмат Хушев ва «Америка овози» Ахборот агентлиги мухбири Навбаҳор Имомовалар қатнашишди.

Республикамизнинг барча вилоятларидан иштирок этган, босма ва электрон нашрларда фаолият юритувчи журналистлар қаторида Сирдарё вилоятидан ҳам бир гуруҳ ижодкорлар: ӮзЖИУ Сирдарё вилоят бӯлими мутахассиси Дилором Исмадиёрова, «Ойдин йӯл» газетаси бош муҳаррири Дилора Эсонова, «Гулистон ҳаёти» газетаси бош муҳаррири Бахринисо Норжигитова, ӮзАнинг Сирдарё вилояти бӯйича мухбири Шуҳрат Суяров, «Янги ҳаёт» газетаси бош муҳаррири Эркин Саидовлар ҳам иштирок этишди.
Мазкур форум нафақат фикр алмашиш, балки бу соҳада катта тажрибага эга устоз -мураббийларнинг чиқишлари билан ҳам муҳим аҳамият касб этди. Жумладан таниқли журналист, мураббийларнинг маърузалари қатнашчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Яхши хордиқ иш унумининг ривожлантиради.Чимён сиҳатгоҳининг маданият саройида журналистларнинг хордиқ чиқаришлари учун турли маданий тадбирлар ҳам ташкил этилди.
Тадбирларда Ӯзбекистонда хизмат кӯрсатган артист Абулхай Каримов, «Шухрат’ медали сохиби, санъаткор Шерали Раҳмонов, ҳофиз Валижон Қодировлар иштирок этишиб ӯзларини куй қӯшиқлари билан қатнашчилар кӯнглини хушнуд этишди.

Медиафорум иштирокчилари Фарғона шаҳри бўйлаб сайёҳат қилиш билан биргаликда «Фарғона ҳақиқати» ва «Ферганская правда» газеталари таҳририяти томонидан ташкиллаштирилган медиа-турда ҳам иштирок этишди.

Эркин Саидов,
Ӯзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси