Янгиликлар

“Ал-Ямама”: Ўзбекистон – ипак, кулолчилик ва уламолар юрти”

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Хитой, Корея Республикаси, Россия, Туркия, Италия каби мамлакатлари журналистик ташкилотлари билан тўғридан-тўғри ижодий алоқалар ўрнатди.

АҚШ, Буюк Британия, Канада ОАВлари вакиллари иштирокида халқаро конференция ва ижодий семинарлар ташкил этди. Сўнгги икки йил ичида бўлим таклифига кўра биргина Хитойнинг 33 нафар журналистлари Ўзбекистонга, Фарғонага ташриф буюриб, юртимизда рўй бераётган ислоҳотлар билан танишдилар ва кейинчалик Хитой ОАВларида қатор мақолалар эълон қилинди. Хитойнинг Умумдавлат ССТV-4 телеканали мухбирлари билан ижодий уюшма вилоят бўлими ҳамкорликда Фарғона шаҳарлари, ҳунармандчилик, сайёҳлик манзиллари ҳақида тайёрлаган 5 та телекўрсатув эса шу йил апрел-май ойларида дунёнинг 170 мамлакати томошабинлари учун намойиш этилди.

2019 йилнинг дастлабки кунларидан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ОАВлари билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида электрон музокаралар олиб бордик. Ниҳоят Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси ва ташкилотчилигида шу йил 25 май – 5 июнь кунлари 11 нафар фарғоналик журналистлар бу мамлакатга зиёрат ва ижодий сафар уюштирдилар. Дастлаб Умра амаллари тўла-тўкис адо этилди. Сўнгра Ўзбекистоннинг Жидадаги Бош консулхонасида Саудия Арабистонининг йирик газета-журнал бош муҳаррирлари, машҳур тележурналист ва интернет сайтлари раҳбар ҳамда блогерлари билан ўзаро тажриба алмашув, Ўзбекистон имиджини хорижий ОАВларда тарғиб қилиш мавзусида ижодий анжуман бўлиб ўтди. Саудиялик журналистларга Ўзбекистонда турли соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, матбуотдаги сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги борасида, интернет сайтлари ҳамда блогерларга яратилган шароитлар ҳақида, журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими фаолият тўғрисида батафсил маълумот берилди. Биз Ўзбекистон ва Фарғона вилоятидаги ислоҳотлар мавзусида бир неча мақолалар ёзиб, уларни араб тилига таржима қилиб, фотосуратлар илова қилинган ҳолда Саудияга олиб келган эдик. Учрашув чоғида уларни саудиялик ҳамкасбларга тақдим этдик. Бизга етиб келган ҳабарга кўра, бу мақолалар Саудия ОАВларида бирин-кетин эълон қилина бошланди. Уларнинг бири “Ал-Ямама” журнали эди.

Дастлаб, журнал ҳақида. “Ал-Ямама” журнали – “Ал-Ямама” мустақил матбуот муассасасининг нашридир. “Ал-Ямама” – араб тилида хабар этувчи чопар рамзи бўлган кабутар маъносини англатади.

“Ал-Ямама” матбуот муассасаси араб дунёсидги энг катта ва нашрлари энг кўп тарқаладиган муассасадир. 1963 йилда Саудия Арабистонида биринчи ташкил этилган, ҳозирги кунда мамлакат ичкарисида ва хорижда 60 та филиали, 1500 нафар ижодий жамоаси бўлган Подшоҳликнинг энг йирик ахборот-матбуот мажмуасидир.

“Ал-Ямама” матбуот муассасаси таркибида араб тилидаги  “Ар-Риёд” кунлик газетаси, “Ал-Ямама” ҳафталик журнали, инглиз тилида “Riyadh Daily”кунлик газетаси, “Дот” газетаси (инглиз, урду тилларида) ҳамда “Ар-Риёд” нашриёти бор. Шунингдек, “Ал-Ямама” муассасасида маълумотлар ва тадқиқотлари маркази мавжуд.

“Ал-Ямама” журнали – араб ўқувчиси учун матбуот, ахборот ва маданият кўзгусидир. Бу журнал орқали араб ўқувчиси Саудия халқининг бугунги муаммолари, уни қизиқтирган масалалар, дунё мамлакатлари, уларнинг халқлари ҳаёти билан танишиб боради.

Журналининг ҳар бир сони 45-50 минг нусхада нашр этилади.

“Ал-Ямама” журналининг 2019 йил 13 июнь № 2562-сони муқовасидан “Ўзбекистон – ипак, кулолчилик ва уламолар юрти” сарлавҳаси ўрин олган ва у журналнинг бош мавзуси сифатида урғуланган.

Журнал Муҳаммаджон Обидовнинг Фарғона вилоятига бағишланган “Фарғона – Марказий Осиё гавҳари” мақоласи билан очилади. Шунингдек унда “Водил ёғдуси” газетаси бош муҳаррири Собиржон Дадахўжаевнинг “Бурҳониддин Марғиноний – тириклайин дафн этилган олим”, “Марказий Фарғона” газетаси бош муҳаррири Азимжон Ҳудойқуловнинг “Марғилон – ипакчилик пойтахти” ва “Фарғона ниҳол” газетаси бош муҳаррири Манзура Эркабоеванинг “Риштон – кулолчилик санъати” сарлавҳали мақолалари Ар-Риёддаги Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари марказининг академик директори, Подшо Сауд Университети ассоциат-профессори ҳамюртимиз Муртазо Сайдумаров таржимасида нашр этилган.

“Ал-Ямама” журнали таҳририят раҳбари (бош муҳаррири) Абдулло Ҳамад ас-Сайхан бундан кейин ҳам бу нашр Ўзбекистондаги ислоҳотлар, унинг муқаддас зиёратгоҳлари, буюк алломалари, гўзал саёҳат масканлари ҳақида мақолалар бериб боришга тайёрлигини билдирди.

Дарвоқе, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлигида бўлган кунлари мамлакат газета, телевидение ва интернет сайтларидаги машҳур жарналистлардан тўрт нафари Ўзбекистонда бўлиши билан боғлиқ ҳаражатларни ўз зиммасига олган ҳолда уларни Ўзбекистонга, Фарғона вилоятига таклиф этди. Фарғонага келадиган саудиялик журналистлар сафида “Ал-Ямама” ахборот марказининг бош муҳаррири ва журналистлари ҳам бўлиши кутилмоқда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Фарғона вилояти бўлими раиси