Менинг фикрим

“Ҳуррият”ни кутяпмиз — йиқилганни тепкиламанг ҳамкасблар!

Ижодий уюшмамиздан сўраб билдим. “Ҳуррият”га атиги 612 муштарий обуна бўлибди. Шунинг учун уни чоп этишмаётган экан. Йиқилганни тепкиламайдилар, аксинча ёнига кирилади. “Ҳуррият” ҳали вақтлар келиб мамлакатдаги оммавий нашрларнинг бирига айланса ажаб эмас… Лекин, бунинг учун менимча учта омил амалиётда қўлланиши лозим.
Биринчиси, муассис, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси қонунда ва меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифасини, бурчини бажариши, газета тарғиботини йўлга қўйиши лозим. Ҳозиргидек, вилоят бўлимларига юборилган “обуна ташкил этиш” қабилидаги хат билан иш битмайди. Қани тв каналлардаги реклама? Қани кўчаларга қўйилган постерлар? Қани “дўстлар клуби”даги ҳамкоримиз билан бу борадаги ҳамкорлик?
Иккинчидан, “Ҳуррият” таҳририятидаги ҳамкасбларимиз вилоятларга чиқиб газета кунлари, ижодий учрашувлар, газетхонлар билан матбуот конференциялари… каби тадбирларни ўтказмадилар. “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Ишонч”… каби газета бош муҳаррирлари Фарғона вилоятига келди ва биргаликда шу каби тадбирлар уюштирилди. Бу газеталарнинг камида 1-4 мингтадан обунаси айнан Фарғонадан. Қолаверса, сўнгги пайтларда “Ҳуррият”да бевосита журналистик жараёнга жуда кам ўрин бериладиган, долзарб мавзулар четлаб ўтиладиган бўлди. Бу таҳририятнинг ички сиёсати (балки,муассиснинг талаби) туфайли рўй бергандир. Натижада газета ҳамкасблар эътиборидан қола бошлади.
Учинчидан, биз ижодий уюшма ва журналистикага дахлдор инсонлар “Ҳуррият”ни қўллаб-қувватламадик. Мамлакатда 1500 дан зиёд ОАВлари фаолият юритади. Уларда 3-10 нафар ижодий ходим бўлганида хам 5-10 минг ҳамкасбимиз бор. Бундан ташқари хар бир ОАВнинг фахрийлари бор. ОАВ таҳририят ва яна бирон журналист учун икки нусха, фахрий журналистлар учун икки нусхадан обуна бўлганимизда хам 5-6 минглик ададга эҳтиёж туғилар эди. Биз ҳам газетамиз тақдирига кузатувчи бўлиб қолдик.
9-январь куни Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси ва ташкилотчилигида катта кенгаш уюштирилди. Унда айнан “Ҳуррият”га обуна масаласи муҳокама қилинди. Уюшма вилоят бўлими хар бир ОАВ таҳририятига ўзи ва фахрийлар учун таҳририят ҳисобидан обуна ташкил этишни тавсия этди. Сўзга чиққанлар бу таклифни қўллаб қувватладилар. Азиз ҳамкасблар, Аҳмаджон Мелибоев чақириғига барчамиз қўшилайлик. “Ҳуррият”ни сақлаб қолайлик!
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Фарғона вилоят бўлими раиси