Пресс-тур

Саудиялик журналистлар Фарғонага келади

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Саудия Арабистони Подшоҳлиги ОАВлари билан ҳам тўғридан–тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Аввал хабар берилганидек, ижодий уюшма Фарғона вилоят бўлими ташаббускорлиги ва ташкилотчилигида 11 нафар ҳамкасбларимиз Саудия Арабистонида бўлдилар. Дастлаб Умра амалларини бажарган фарғоналик журналистлар Жидда шаҳрида, Ўзбекистоннинг Саудиядаги Бош консулхонасида араб оламининг таниқли журналистлари ҳамда газеталари бош муҳаррирлари билан учрашдилар. Ўзаро тажриба алмашув ва ҳамкорлик мавзусидаги мулоқотлар чоғида ҳозирги глобаллашув шароитида ОАВнинг ўрни, журналист шахси, холислик мезонлари каби муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов журналистик фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Саудия ОАВлари билан ахборот алмашув, ўзаро икки мамлакат газеталари тахририятларидан амалиёт ўташни ташкил қилиш ва бошқа мавзуларда маълумот берди ҳамда таклифлар киритилди.

МАВЗУГА ДОИР:

Саудиялик журналистлар билан амалий учрашув ва ижодий мулоқотлар ўтказилди

“Анба” газетаси таҳририят мудири Абдулла Мазрук ал-Янбавий  Ўзбекистонда сўнгги йилларда рўй бераётган ислоҳотлардан ЎзА нинг араб тилидаги саҳифаси орқали қисман танишлиги, аммо бу сайт 27 мамлакат ҳудудидаги араб оламининг эҳтиёжини қондира олмаслигини айтиб, келгусида уни кенгайтириш, ахборотлар рангбаранглигига эътибор қаратиш лозимлигини таклиф этди.

“Ал-Билад” газетаси муҳаррири Холид ибн Мирдах ал –Миррий Саудия ОАВларида сифат ўзгариши рўй бераётгани, Саудия жамиятидаги очилиш айниқса газеталарда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётгани ҳақида ахборот берди.

-Энди аёллар машина ҳайдаши, ёшлар қизиқишига кўра клублар ташкил этиши ва унда тадбирлар уюштириши, матбуотда тахлил, танқид, таклифлар баён қилиш кундалик ҳаётий воқеликка айланди, -дейди Макка телевидениесининг мамлакатда машҳур тележурналистларидан бири Мансур Низомиддин. –Афсуски, Саудия Арабистони ОАВларининг Ўзбекистонда мухбирлари ҳозирча йўқ ва юртингиз ҳақида жуда оз биламиз.

Мунозара шу ерга келганида Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистонда ҳам Саудия Арабистони ҳақида холис, тезкор ахборот ўрни ҳамон бўшлиги, мавжудлари эса Ғарб, Россия ва Америка ОАВларининг хабарлари бўлиб, уларда баъзида бир ёқламалик кузатилишини таъкидлаб, таклиф киритди:

–Икки мамлакат халқларини бир-бирлари ҳақидаги ахборот билан таъминлашда муаммо мавжуд экан, келинглар, унинг ечими томон биринчи қадамни қўяйлик.

МАВЗУГА ДОИР:

Маккадаги ўзбекистонлик зиёратчилар Қадр кечасини қандай ўтказишди?

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими 4 нафар Саудиялик газета, телевидение ва интернет журналистини бир ҳафтага Ўзбекистонга, Фарғонага таклиф этади. Бунда уларнинг Ўзбекистонда бўлиш ҳаражатларини зиммамизга оламиз. Ўзбекистонни ўз кўзингиз билан кўринг ва қалбан ҳис этинг. Шундан кейингина бу кўҳна диёр билан ўз халқингизни таништиринг.

Келгусида эса шундай шарт ва шароитларда фарғоналик журналистлар Саудияга ҳам келадилар,-деди Муҳаммаджон Обидов.

Таклиф шу заҳотиёқ маъқулланди.Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони, Жиддадаги Бош консули Сирожиддин Шамсутдинов ташкилий ишларда воситачиликни зиммасига олди.

-Мен бошқараётган интернет сайтининг 1,5 миллион фаол ўқувчиси бор,-дейди Римуза хоним. –Бундай сафар натижаси асосида ёзиладиган Ўзбекистон ҳақидаги мақолалар ўқувчиларим учун ғоят қизиқарли бўлиши шубҳасиз. Мен рози.

Анжуманда “Янги Фарғона”, “Қува ҳаёти”, “Ойдин”, “Бешариқ тонги” газеталари бош муҳаррирлари Азизбек Эрматов, Зуҳра Алиева, Хадичахон Каримова, Собиржон Темиров, “У каз” газетаси мухбири Файсал Мажраший, “Саада ал-Муватин” газетаси ғарбий минтақа бюроси раҳбари Муҳаммад ал Амрий, Саудия иқтисодиёт вазирлигининг собиқ масъул ходими, блогер доктор Муҳаммад Хамдам, йирик тадбиркор Фахад Аҳмад ал Мансурий ҳамда ота боболари асли Ўзбекистондан бўлган ватандошимиз, жамоат арбоби Абу Салмон ал Хўқандийлар сўзга чиқиб, журналистлар ва ОАВларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини йўлга қўйиш мамлакатларимиз иқтисодий алоқларини мустаҳкамлаши, халқларнинг ҳамжиҳатлиги ва дўстона муносабатлари ривожига хисса қўшажак, дедилар.

Фарғоналик журналистлар Ўзбекистон, Фарғона вилоятидаги ислоҳотлар, унинг фидойи одамлари, алломалар зиёратгоҳлари, туризм маконлари, инвестиция киритишга яратилган қулайлик ва шарт-шароитлар ҳақида араб тилига ўгириб олиб келган суратли мақолаларини Саудия ОАВларига эълон қилиш учун топширдилар.

Ғоят самимий, ўзаро ишонч руҳида ўтган ижодий мулоқот чоғи “Ўзбекистонда, Фарғонада учрашгунча!” деган тилаклар қайта-қайта тилга олинди.

Собиржон Дадахўжаев,

“Водил ёғдуси” газетаси бош муҳаррири,

Саудия Арабистони, Жидда шаҳри.