Тадбирлар

Юзма-юз мулоқот, баҳс-мунозара, янги анъана ва мезонлар

Вилоятнинг сўлим Фарғона туманида X-анъанавий Чимён медиафоруми ўз ишини бошлади.

Шиддат билан ўзгариб, янгиланиб бораётган бугунги давр ўзбек журналистикаси, миллий матбуотимиз, соҳа ходимларидан юртимизда ва дунёда кечаётган турфа жараёнларни теран нигоҳ билан кузатиш, кенг дунёқараш ва билимга эга бўлиш, касб одоби ва этикасига қатъи амал қилишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказиб келинаётган анъанавий “Чимён” медиафоруми бу борада муштарак мақсадлар йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларни ўзаро уйғунлаштириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуида ташкил этилган медиафорумида пойтахтимиз ва мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларидан ОАВ вакиллари иштирок этмоқдалар.

Медиафорум доирасида миллий матбуотимиз, жаҳон ОАВда кечаётган турфа жараёнлар, янги тенденциялар хусусида тажрибали журналистларнинг маърузалари тингланиши режалаштирилган. Шунингдек, ранг-баранг мавзуларда юзма-юз мулоқотлар, баҳс-мунозаралар, таҳририятлар ижодий жамоаларининг тақдимотлари бўлиб ўтади. Вилоят бўйлаб медиатурлар ташкил этиш, Фарғона санъат усталари, ёш истеъдодлар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ҳам уюштириш кўзда тутилган.

Медиафорумнинг дастлабки иш кунида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, юридик фанлари номзоди Олимжон Ўсаровнинг “Ўзбек матбуотида сўз эркинлиги, ва жамият очиқлиги: тажриба ва таҳлил”, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимовнинг “Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамкорми ёки рақобатчи?” мавзуида маърузалари тингланди. Маърузалар юзасидан савол-жавоб, баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

-ОАВ қайси йўналишда ихтисослашувидан қатъи назар, соҳа ходимларининг мақсади муштарак, у ҳам бўлса, миллий матбуотимиз, ўзбек журналистикаси равнақ-ривожига муносиб ҳисса қўшишга қаратилган,-дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А. Кўчимов. – Бу каби юзма-юз мулоқотлар, самимий баҳс-мунозаралар, ўзаро тажриба алмашиш ҳар бир журналист, ижодий жамоа учун ғоятда фойдали. Чунки ҳақиқат баҳсларда туғилади, мақсадли мулоқотлар соҳа истиқболини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, медиафорумнинг илк кунги дастуридан ўрин олган Самарқанд вилояти ҳокимлигининг бош нашрлари “Зарафшон”, “Вестник Самарканда”  газеталари ижодий жамоаси томонидан ўтказилган тақдимот ҳам қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

-Ҳамкасблар иштирокидаги бундай анжуманлар ютуқ ва камчиликларни сарҳисоб қилиш, ўзаро таққослаш, келгуси вазифаларни белгилаб олиш имконини беради,-дейди “Хива тонги” (Хоразм вилояти) газетаси бош муҳаррири Шержон Машарипов. – Медиафорумда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ҳамкасблар билан суҳбатлашиб, газета мазмун-мундарижасини бойитиш, дизайн соҳасида янги усул ва анъаналардан фойдаланиш, обуна ва меркетинг фаолиятини ташкил этиш сингари йўналишларда ўзим учун кўплаб янгиликлар кашф этаётганимдан мамнунман. Маҳорат сабоқлари жараёнида соғлигимизни тиклаш имконига ҳам эга бўлаётганимиз бизга жуда ҳам манзур бўлмоқда.

Файзли оқшомда ташкил этилган маданий тадбир иштирокчиларга бир олам завқ, хушкайфият улашди.

Медиафорум бугун ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Элёр ОЛИМОВ олган.