Янгиликлар

Билдириш

Ижтимоий тармоқда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими фаолиятини обрўсизлантиришга қаратилган ахборот тарқатилган. Унда айтилишича, гўё уюшмага вилоят ҳокими томонидан берилган “Матиз” русумли автомашина сотиб юборилган. Бу мутлақо ҳақиқатга мос келмайдиган маълумот бўлиб, вилоят ҳокимлиги томонидан бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмалари вилоят бўлимларига берилган “Матиз” русумли автомашиналар, жумладан унинг журналистлар уюшмаси балансига олингани сотилмаган, ҳамон фойдаланиб келинмоқда.

Муаллифнинг мурожаатига кўра, ўрганиш ўтказган хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларига ушбу автомашина ва унинг тегишлилик ҳужжатлари кўрсатилди.

Муаллиф бу масалада Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимига шу ҳақда мурожаат қилганда унга аниқ маълумот берилган бўлар эди ва бундай асоссиз ахборот тарқатилмасди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими барча ОАВлари, журналистлар учун ҳамиша очиқ ва шаффоф фаолият юритади, барча билан ижодий мулоқотларга тайёрлигини билдиради.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси Фарғона вилоят бўлими