Тадбирлар

“ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ” ТАНЛОВИ: ФАОЛ ВА ФИДОЙИ ИЖОДКОРЛАРГА МУНОСИБ РАҒБАТ

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида турли кўрик-танловлар ўтказиш орқали юрт равнақ-ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз, ижодкорларни муносиб рағбатлантириш эзгу анъанага айланган.

Вилоят ҳокимлиги томонидан жорий йилда ҳам тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликда истиқлолимизнинг 29 йиллик қутлуғ санасига муносиб тайёргарлик кўриш борасида ўтказилаётган ижодий танловлар ғолиблари муносиб рағбатлантириляпти.

Бугун “Матбуот уйи”да “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танлови ғолибларига вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассамлаштирган кўрик-танлов иштирокчилари ўртасида тўққизта номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Шунингдек, бир гуруҳ иштирокчилар рағбатлантирувчи мукофотларга лойиқ кўрилди.

Кенг жамоатчилик вакиллари жамул-жам бўлган тақдирлаш маросимида танлов ғолиби бўлган вилоятимизнинг таниқли шоир-ёзувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ижодий ютуқлари алоҳида эътироф этилди. Устозларга муносиб авлод сифатида камолга етаётган янги авлодга топширилган мукофотлар ёш ижодкорларнинг эртанги ютуқлари учун рағбат эканлиги таъкидланди.

— Айни кунларда вилоятимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ва маданияти тобора юксалиб бормоқда,-дейди танловнинг Босма оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасидаги номинацияда фахрли биринчи ўрин соҳиби бўлган “Маҳалла” газетасининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири Расулжон Камолов. – Ўз навбатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар биз ижодкорлар учун беқиёс илҳом манбаи. Бундай эътибор ва рағбат бизни янада фаол ва фидойи бўлишга ундайди.

Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов иштирок этди.