Янгиликлар

Фарғонада журналистларнинг халқаро конференцияси ўтказилди

Фарғона журналистика тарихига яна бир муҳим воқелик ёзиладиган бўлди. Фарғона шаҳрида «Жамият ва оммавий ахборот воситалари» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда қўшни Қирғизистон республикасининг Баткен ва Ўш вилоятлари, Тожикистон республикасининг Суғд вилояти журналистлари ва Ўзбекистоннинг йирик ОАВ раҳбарлари, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси  раиси ҳамда Андижон, Наманган вилоятларининг журналистлари иштирок этишди.
100дан ортиқ ОАВ вакилларига мезбонлик қилган конференция Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан ўтказилди.

Халқаро конференциянинг очилиш маросимида Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов иштирок этиб, конференция қатнашчиларига вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг табригини етказди ва унинг ишига муваффақият тилади.

Семинар дастуридан ўрин олган жамиятда очиқлик, сўз эркинлигини таъминлашда ижтимоий тармоқларнинг иштироки, журналист текширувида қонун ва амалиётнинг уйғунлиги, ОАВларнинг жамият янгиланишига таъсири, сиёсат ва журналистика, интернет журналистиканинг замонавий тенденциялари, глобал сиёсатда ахборотнинг ўрни каби ғоят долзарб мавзулар юзасидан маърузалар эшитилди. Улар юзасидан ўзаро фикр алмашилди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

    

Шерзодхон Қудратхўжаев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор – ОАВ ва интернет журналистикаси учун чегара бўлмаслиги керак. Бугун амалий ишлар, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари ҳамкорлигидаги «Телекўприклар»ни тиклаш, 3 тилда чиқадиган газеталар чоп этиш, интернет ОАВ ўртасида янги лойиҳалар ҳақида батафсил гаплашдик, аниқ режалар белгиладик.

Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти – Журналистларнинг фаолиятини эркинлаштиришга доир давлат ва ҳукумат томонидан кейинги 3 йилда катта ишлар қилинди. Босма ва электрон ОАВ ларнинг бугун сиёсат майдонида асосий куч сифатида кўришимиз мумкин. Қўшни давлатлардаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни кучайтириши керак. Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси мақсад томон қўйилган қадам бўлди.  

Соҳиба Шокирова, “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири– Бугунги конференциянинг журналистлар учун аҳамияти жуда катта. Тадбир нафақат соҳа янгиликларидан хабардор қилишга, балки ўзаро тажриба алмашишга имкон яратаётгани эътиборга молик.  

Конференцияда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги директори С.Суяров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари Ж.Мелиқулов, Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Обидов , “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари бош муҳаррири С. Шукуров,  “Daryo.uz” сайти Наманган вилоят мухбири  А.Абдувалиев ва бошқалар мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлиги борасида амалга оширилаётган ишлар, оммавий ахборот воситаларининг халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида фикр –мулоҳазалар билдиришди.

Фарҳод Жўраев, Тожикистоннинг «Суғд ҳақиқати» вилоят газетаси бош муҳаррири – Ўзаро самимий суҳбат, эркин фикр алмашишга асосланган конференция қардошлик ришталаримиз мустаҳкам, урф-одатларимиз ўхшаш эканлигидан далолат беради. Ташкилотчиларга шундай имконият яратиб берганликлари учун миннатдорлик изҳор қиламиз.

Конференция иштирокчилари шу куни Фарғона шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.