Ахборот хизматлари тезкор ва холис бўлишлари талаб этилади
Бугун Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари Қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги ҳамкорлигида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш миллий тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзуcида семинар ўтказилди.
Икки қисмдан иборат бўлган семинарнинг биринчи сессиясида вилоятдаги шаҳар-туман ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилотларнинг Ахборот хизматлари раҳбарлари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – Ш. Шарофиддинов, Ш. Тўхтабоев Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” ги Қонуни мазмун-моҳияти, мақсад-вазифалари, очиқликни таъминлаш миллий тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳақида маъруза қилдилар.
Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи У. Жабборов, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари М. Обидов давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Ахборот хизматларининг бугунги кундаги фаолияти ва уни янада юқори даражага кўтариш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.
Семинар давомида ахборот хизмати раҳбарларининг вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Маълумки, глобаллашув жараёнида Ахборот хизматлари тезкорлик ва холислик билан ишлашлари талаб этилади. Бунинг учун эса эскича қарашлардан воз кечиш керак бўлади. Барча замон билан ҳамнафас бўлиши, Ахборот хизматлари ҳар жабҳада фаол бўлишлари шартлиги таъкидлаб ўтилди.
Семинарнинг иккинчи сессиясида ўзини ўзи бошқариш органлари, Ахборот-кутубхона, таълим муассасалари ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз маърузалари билан қатнашдилар. Шунингдек, вилоят Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Ш. Аслонов “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги: фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида маъруза қилди.
Ҳар иккала семинарда ҳам иштирокчилар мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини ҳамда Қонун юзасидан ўзларининг таклифларини билдирдилар.
Аброр Деҳқонов