Қўқондаги фестивалда 500 дан ортиқ ҳунармандлар иштирок этади
Бугун илк марта фестиваль олдидан журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Қўқон шаҳридаги “Бахт уйи” тантаналар саройи фестивалнинг матбуот маркази сифатида танланган. Бу ҳақда журналист Элёр Эҳсонов хабар берди.
Халқаро ҳунарманчилик фестивалини ёритишда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ва чет элдан келадиган 150 данортиқ телевидение, радио, газеталар ва интернет нашрларининг журналистлари иштирок этиши кутилмоқда.
Айи кунларда кўҳна кентда бу йирик халқаро фестиваль тадбирига қизғин тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
Матбуот анжуманида Қўқон шаҳар ҳокими таъкидлаганидек, шаҳар аҳли катта шодиёнага ташриф буюрадиган меҳмонларни ўзига хос тарзда кутиб олишга алоҳида ҳозирлик кўраётир. Жумладан, 5 қитъадан 200 дан ортиқ хунармандлар 24 йўналиш бўйича иштирок этади. Шу кунга қадар 170 нафар қатнашиш истагидаги ҳунармандларга йўл чипталари юборилган.
Фестиваль дастурига биноан, хорижий ва маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазма-савдоси, кўрик-танлови, маҳорат дарслари, илмий-амалий конференция ҳамда фольклор-этнографик гуруҳларининг чиқишлари бўлиб ўтади. Турли халқ ўйинлари, театр томошалари, анъанавий кураш, чавандозлик, қўғирчоқбозлар ҳамда маҳаллий дизайнерларнинг мода намойишлари, палов тайёрлаш, ўзбек анъанавий мусиқа ва рақс концерт дастурлари ўтказилади.
Дастурга кўра, Ўрда майдонида фестивалнинг расмий очилиш ва ёпилиш маросими, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳамда халқ сайллари, қўғирчоқбозлик, дорбозлар ва фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари намойиш этилади, ош танловлари ўтказилади.