Эътироф

“Ойдиной қўғирчоқлари”

Фарғона шаҳридаги “Ойдиной қўғирчоқлари” оилавий корхонаси раҳбари Ойдиной Бурҳонова миллий мато, оддий ва зарарсиз буюмлардан қўғирчоқ тайёрлашда унинг бола саломатлиги ва маънавий оламига нечоғли фойда келтиришига аҳамият қаратади.

Оилавий корхона раҳбари О.Бурҳонованинг айтишича, табиий хомашёдан тайёрланган қўғирчоқ саломатлик учун ҳам фойдали. Айниқса, эгнидаги атлас матоси, сочларининг ўрими ва бошидаги дўпписи ярашиб турган бежирим қўғирчоқ қиёфасидаги оддийлик ва соддалик бола психологиясига ижобий таъсир кўрсатади. Онаси Гулчеҳра опа, отаси Муҳаммаджон аканинг чизган расмларию тавсиялари билан турли эртак қаҳрамонлари яратилади.
Айни кунларда фарзандлари – Искандар, Абдуқодир ва Мадина бу ҳунарни пухта эгаллаб, ўзлари ҳам мустақил равишда ўйинчоқлар ясамоқда.

Корхонда тайёрланаётган “Зумрад ва Қиммат”, “Бўғирсоқ”, “Ур тўқмоқ”, “Фил ва хўроз”, “Мақтанчоқ қуён”сингари эртак қаҳрамонлари, миллий қўғирчоқлар барчага манзур бўлмоқда. О.Бурҳонова бошқалар каби темир ва тугмадан фойдаланмайди, тоза пахта ва бўз матога таянади. Табиий, юмшоқ, қўлда тикилган кашта, сўзана билан безак берилган, қоғоз ва елимдан ясалган, миллий руҳ берилган пластмасса ўйинчоқлари мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларига шартнома асосида етказиб берилади.

Муқимжон Қодиров