Эътироф

Мен Қўқон фестивалига бораман

Жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига сурхондарёлик ҳунармандлар ҳам пухта ҳозирлик кўрмоқда.

Вилоятда айни пайтда 1 минг 300 дан зиёд ҳунарманд давлат рўйхатидан ўтиб, миллий ҳунармандчиликнинг йигирмадан ортиқ турини ривожлантириш йўлида самарали фаолият юритмоқда. Воҳа ҳунармандларининг ганч, тош ўймакорлиги, қадимий усулда гилам, газлама, новдалардан буюм тўқиш, миллий либослар тикиш, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, мусиқа асбоблари, заргарлик, чинни ва сопол буюмлари, майда ҳайкалтарошлик каби йўналишлардаги маҳсулотлари хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

– Мамлакатимизда сўнгги йилларда миллий ҳунармандчиликни кенг ривожлантириб, қўллаб-қувватлаш, изланишларни рағбатлантириш, аждодлардан мерос қолган ҳунармандчилик анъаналарини қайта тиклаш ҳамда унинг ноёб намуналарини дунёга кенг намоён этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи М.Жўраева.– Бу борада юз бераётган ўзгаришлар аждодлардан безавол ўтиб келаётган миллий анъаналаримиз ва ҳунармандчилик усулларимизни янги босқичда ривожлантириб, келгуси авлодга етказиш, номоддий маданий мерос дурдоналаримиз бўлган ранг-баранг миллий ҳунармандчилик намуналарини дунёга янада кенгроқ намоён этишга қулай имконият яратди. Қўқон шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига кўрилаётган тайёргарлик ҳам бунга яққол мисолдир.

Вилоятда олтмишдан ортиқ ҳунарманд фестивалга қатнашиш учун тайёргарлик кўраётир. Уларнинг кўпчилиги ёшлар экани аҳамиятлидир.

Бойсун туманида миллий ҳунармандчилик билан шуғулланаётган Мадина Қудратова миллий қадриятларимизни улуғлашга бел боғлаган ёш чеварлардан бири. Бу йил 25 ёшни қарши олаётган қўли гул ҳунарманд қиз халқаро фестивалда тоғли туманнинг бетакрор табиат манзаралари акс эттирилган каштачилик буюмлари, қўлда тўқиладиган қадимий гиламлар, ўтмишдан бойсунликлар фахри бўлган жанда матоси билан иштирок этади.

– Шунингдек, ҳудудга хос бўлган миллий либослар, жанда матомиздан тикилган сумкаларни ҳам тайёрлаяпман, – дейди М.Қудратова. – Термиз шаҳридаги Бобур номли истироҳат боғида бўлиб ўтган “Мен Қўқон фестивалига бораман!” шиори остидаги ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркасида бу маҳсулотларим барчага манзур бўлганидан жуда қувондим. Суюкли момоларимиз менга тўқиш, тикиш сирларини ўргатган матолар, Бойсуннинг қадимий нафис либослари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро фестиваль иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотишига ишонаман. Ўтмишда яшаб, шундай ноёб буюмлар яратган ва уларни авлоддан авлодга қалб қўрида сақлаб етказган момоларимиз орзусини рўёбга чиқараётганимдан фахрланаман.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА