Шинжон: кўрган кечирганларим
Шиддат билан ривожланаётган минтақа
Шинжон бугун дунё нигоҳида. Бу икки жиҳат билан изоҳланади. Биринчидан, “Бир макон, бир йўл” – Буюк ипак йўлининг янгиланган лойиҳасида Шарқ ва Ғарбни боғловчи марказ, логистик макон Шинжондир. Хитойнинг ривожланган Шенжень, Гуанджо, Шанхай, Циндао, Нанкин, Пекин… каби провинция ва йирик иқтисодий марказларида ишлаб чиқарилаётган махсулотлар Россия, Европа, ғарбий –шимолий Осиё мамлакатларига фақат Шинжон ҳудуди орқали, масалан, Урумчи, Хоргос, Қашқар, Хўтан каби шаҳарлари орқали ўтади. Шунинг учун ҳам Хитой хукумати махсус дастурлар қабул қилиб, марказий ғазна маблағи хисобига Шинжонда кўплаб логистик марказлар бунёд этди, бу ерларга тезюрар поездлар темир йўли етиб келди, аэропортлар қурилди, барча зарур инфратузилма яратилди. “Шинжонни иқтисодий ривожлантириш давлат Дастури”га кўра энг замонавий технологияларга асосланган ўнлаб корхоналар қурилди, қурилмоқда. Олий таълим тизимида уларда меҳнат қиладиган мутахассислар тайёрловчи йўналишлар очилди. Хитой шарқидан ўн минглаб тор соҳа ҳодимлари Шинжонга кўчириляпти. Улар учун 30-50 қаватли сон-саноқсиз уйлар қурилди. Айни чоқда, Шинжон ёшлари Хитой шарқидаги олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинмоқда.
Шинжон умумхитой иқтисодиётинигина эмас, балки маънавий бирлигининг ҳам ажралмас ва мустаҳкам бўлагига айлантирилмоқда.
Мен тақдир тақазоси билан Шинжон, унинг Урумчи, Ғулжа, Хўтан, Қашқар, Қорамой, Отуш, Қизил-Суу, Оқ-Суу… каби округ ва шаҳарларида бир неча мартадан бўлдим. Шуни алоҳида таъкидламоқчиман, масалан, сўнгги уч йилда улар таниб бўлмас даражада ўзгарган. Осмонўпар бинолар, фақат экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарадиган модерн корхоналар, тиббий клиник шифохона, кам таъминланган оилалар яшайдиган ижтимоий уйлардан ташкил топган шаҳарчалар, қум барханлари ўрнида барпо этилган мевали боғлар, сунъий кўллар мажмуаси бўлган дам олиш масканлари…
Бугун Шинжондаги табиий (шамол) энергиясини электр қувватига айлантирувчи завод дунёда биринчилар қаторига чиқди. Пахта толасини қайта ишловчи технологик ускуналар ишлаб чиқариш саноати Германия, Швецария, Туркия даражасига аллақачон етиб олди. (Дарвоқе, биз фаолияти билан танишган Xinjiang Jinsheng Group корхонасининг эллик фоиз махсулоти, яъни ип йигирув линиялари Ўзбекистон буюртмаси асосида тайёрланмоқда экан) Бугун дунёнинг деярли барча қитъаларидан беморлар Шинжонга, миллий тиббиёт услубларида даволангани келмоқда. Серҳосил, тез униб-ўсадиган, ҳар қандай шароитга мосланувчан мева кўчатлари ва уруғчилик Шинжон илмий тадқиқот марказида Америка, Африка, Европа, Осиё мамлакатлари олимлари билан ҳамкорликда яратилмоқда.
2018 йил якунига кўра Шинжонда ЯХМ ҳажмининг ўсиши 10,2 фоизни ташкил этган! Бу Хитойнинг умумий кўрсаткичидан икки баробар кўпдир.
Урумчидаги ислом институти мажмуаси ҳайратимизни оширди. Компьютер синфлар, электрон кутубхона, шарқона безаклар билан жилоланган хашаматли масчит… Қохирадаги Ал-Асҳар университетини тамомлаган мударрислар…
Урумчи, унинг 14 та округларидаги телевидениеларда жами 21 та уйғур тилидаги телеканал, 5 тилдаги радиоканаллар узлуксиз ишлаб турибди. Араб ёзуви ва уйғур тилидаги газеталар Шинжон маркази ҳамда округларида чиқарилиб тарқатилмоқда. Уйғур тили ва миллий ёзувида интернет сайти фаолият кўрсатяпти.
Қайси уезд, шаҳар ёки округга борманг, унинг марказида минорали жомъе масчитларини кўрасиз.
Хитой марказий ҳукумати Шинжонда барча соҳаларда чексиз кўламларда ислоҳотлар олиб боряпти. Бу ислоҳотлар туб аҳоли-уйғурларни қайта тарбиялашни ҳам ўз ичига олган.
“Экстремистик қарашлар терроризмни келтириб чиқармасин, деймиз”
2006-2016 йиллар оралиғида Шинжоннинг асосан уйғурлар яшайдиган турли округ, шаҳар ва уездларида ўнлаб террористик ҳодисалар рўй берди. Натижада юзлаб одамлар қурбон бўлдилар. Машина, биноларда портлаш содир этиш, ўзини ўзи портлатиш, қуроллардан ўт отиш, қатл қилиш жараёнида мутлақо бегуноҳ инсонлар ҳам ҳаётдан барвақт кўз юмдилар. Шинжондаги терроризм ёпиқ музейи залларини охиригача кўриб чиқиш руҳан оғирлик қилади. Бу ерда барча холатлар фото ва видеода акс этган. Мана, бир террорист қўли орқасига бойланган, оёғидан осиб қўйилган одамнинг бўғзига пичоқ солди. Қон унинг оғиз-бурнини тўлдириб оқиб ётарди.
Яна бир лавҳада тиз чўктирилганларни бир-бир отиб ташладилар… Бундай видеолавҳаларни кўришнинг ўзига ирода керак. Террористлар ўзлари қилаётган ишларидан ғурурланиб, бир бирларини тасвирга туширар эдилар.
Терроризм – лотин тилидаги “террор” сўзидан олинган бўлиб, қўрқув, даҳшат, зўравонлик маъносини билдиради. Террор ижрочилари бу сўзга диний маъно боғлаб сиёсий тузим ўрнатишга интиладилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, терроризм фақат ислом ёки мусулмонлар орасида эмас, барча диний йўналишларда ҳам мавжуд. Шинжонда рўй берган террорчилик мусулмонларнинг (улар асосан уйғур бўлсада, сафларида қозоқ, қирғиз, ўзбеклар ҳам бўлгани айтилади) ханларга қарши йўналтирилган ҳаракатларидир. Урумчидаги терроризм ёпиқ музейида шундай воқеликлар акс этган.
Мен терроризм нима эканини шахсан танамда хис қилганман. 1999 йилда Боткенда, 2000 йилда Сариосиё ва Узун тоғларида террористлар билан бўлган жангларда телемухбир сифатида иштирок этдим. Уларнинг қонли қўлидан не-не норғул йигитлар халок бўлмади, дейсиз. Шунингдек, зенит тўплари, вертолетлардан аёвсиз ўққа тутилган террористларнинг жанг майдонида қолиб кетган мажақланган жасадлари ҳам кўз ўнгимда. Булар ғоят аянчли ва диливайрон манзара. Шунинг учун ҳам Урумчидаги музей “ёпиқ намойиш” мақомида эди.
—Биз ғарб матбуотида Шинжондаги намойишлар, террор ҳаракатларининг танклар ва полиция томонидан бостирилган лавҳаларини кўргандик, — сўрайман музей ходимасидан. –Нега ўша тасвирлар қўйилмаган?
—Музейимиз экспонатлари тўлдириб бориляпти, уларни ҳам қўямиз.
Биз, Хитой Марказий ҳукуматининг Матбуот муассасаси (концеларияси деб ҳам атайдилар) таклифига кўра 17 мамлакатдан келган 27 нафар журналистлар, улар орасида АҚШ, Россия, Канада, Франция, Италия, Туркия, Албания, Саудия Арабистони Подшохлиги, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Австралия, Индонезия… йирик ОАВларининг мухбирлари Шинжондаги иқтисодий ислоҳотлар ва маҳаллий маъмурлар ибораси билан айтганда “қайта тарбиялаш марказлари” фаолияти билан танишгани у ерга боргандик. Урумчи, Қашқар, Оқ-Суу, Хўтан каби округ ва шаҳарларда бўлдик. Сафар чоғида ҳар биримизга инглиз, рус, турк, араб, япон… тиларига хос таржимон ажратилган.
—Истаган маъмур ёки тарбияланувчи билан эркин сухбатлашингиз мумкин, -дейишди бизга. Дарҳақиқат шундай бўлди. Америка, европалик ҳамкасбларимиз ҳар бир суҳбатни телефонларига ё овоз шаклда, ё тасвир билан ёзиб боришади. Биз ғарб матбуоти дастлаб “қамоқ”, кейин “лагер”, ҳозирда “жамлоқ” деб атаётган марказларда эркин ҳаракат қилдик. Ким кимни суҳбатга тортади, қанча суҳбатлашади, хитойлик ҳамроҳларимиз бизни чекламадилар. Мен ўзбек ва уйғур тиллари яқинлигидан фойдаланиб, таржимонни рад этдим ва тарбияланувчилар билан ўзим, ёлғиз суҳбатга киришдим.
Хўш, “қайта тарбиялаш марказлари” деганда нима тушунилади?
Бу ер гўё мактаб-интернатни эслатади. Атрофи девор билан ўралган. (Аввалги йилларда тиконли симлар ҳам бўлган, дейишади) Дарвоза қўриқланади. Ичкарида ётоқ, ўқув, касбга ўргатиш ва тадбирлар ўтказиш залларидан иборат бинолар бор.
Ётоқ хоналарида 3-4 тадан икки қаватли кароватлар, дарс тайёрлаш учун стол-стуллар, кийим шкафи ва хожатхона мавжуд. Ўқув биносида синф хоналари ва кутубхона, касбга ўрганиш биносида ихтисослашган (компьютер устаси, сартарош, боғбон, меҳмонхона ишчиси, ошпаз… каби 15 та касбни ўз ичига олади) хоналар жойлашган. Ошхона ва оммавий тадбирлар ўтказадиган зал ҳам бор. Тарбияланувчилар тўртта йўналишда таълим оладилар:
-Давлат-хитой тили;
-Хитой қонунлари;
-радикал ғоялардан озод бўлиш;
-танланган касб
—Тарбияланувчилар ҳар уч ойда имтихон топширадилар, барча имтихондан муваффақиятли ўтганлар буткул уйларига жўнатилади, -дейди Оқ-Суу округи Вен Су уездидаги қайта тарбиялаш маркази раҳбари Робигул. –Агар тарбияланувчи иккита имтихондан ўтиб, иккитасидан йиқилса, яна уч ой ўқийди ва такрор имтихон топшираверади.
–Бу жараён амалда қанча муддат оляпти, — сўраймиз ундан.
—Бу уларнинг қобилиятига боғлиқ. Баъзилар 9 ойда, баъзилар бир ярим йил деганда имтихонни топшира оладилар.
—Бу каби марказлар Шинжонда нечта ва уларда қанча одам қайта тарбияланяпти?
Бу савол Шинжон Уйғур Автоном Райони комуннистик партия ташкилоти бюроси аъзоси, ШУАР матбуот муассасаси раҳбари Тянь Вен ҳонимга такрор ва такрор берилди.
—Марказлар доимий ҳаракатда, -деди у. –Имтихондан ўтганларга бутунлай жавоб берилади. Яна янгилари келиши ҳам мумкин. Шунинг учун аниқ рақам айта олмайман.
Ўрганишларим, таржимонсиз хос суҳбатларим чоғида аниқлаганим шу бўлдики, бугун Шинжондаги барча уездда албатта камида биттадан шу каби марказлар мавжуд.
—Бизда 550 нафар тарбияланувчи бор, — дейди Хўтан округи Мои уездидаги қайта тарбиялаш маркази раҳбари Бувиойша. – Улар баъзида 600-650 тага етади, баъзида 500 тага тушиб қолади.
Биз бўлган марказлардан тахминан шу каби рақамлар ҳақида маълумот олдим. Демак, масалан биргина Хўтан округида 7 та уезд бўлса, улардаги марказларда ўртача 3500 та тарбияланувчи бор. Ёки, Оқ-Суу округида 8 та уезд, демакки тарбияланувчилар сони у ерда 4000-5000 атрофида. 23 миллион аҳолиси, шундан 10 миллион уйғурлар бўлган Шинжонда 14 округ бўлиб, тахминимизча 60-80 минг одам қайта тарбияланмоқда. Албатта, бу шахсий кузатувим натижаларига кўра менинг ҳисоб-китобим. Шундай бўлганда ҳам саксон минг (!) оила вакилининг марказларда қайта тарбияланаётгани тушунарсиз холдир.
Хўш, улар нега қайта тарбиялаш марказларига олиб келинган?
Марказ ўқув хоналари, касбий таълим устахоналари, ётоқхона ва бўш вақтда тадбирлар ўтказиш жойларида ўнлаб тарбияланувчилар билан уларнинг ўз она тилларида, таржимонсиз ва гувоҳсиз ёлғиз суҳбатлашдим. Виждоним олдида ҳар бир сўз учун масъулман.
Уларнинг аксариятини аудио ва видео тарзида ёзиб ҳам олганман. Шунинг учун бу суҳбатлардан айнан парчалар келтираман.
Абдукарим, тарбияланувчи: -Ёшим 36 да. 8 ой бўлди шу ердаман. Дўкондор эдим. Асабийлашиб (бу сўзни табиатидаги ўзгаришга нисбатан ишлатадилар – М.О) ханларга савдо қилмай қўйдим. Кофирлардан олинган пул харом бўлади, деб ўйлагандим. Устимдан арз қилишди. Кейин бу ерга ўзим келдим. Хотиним, ота-онам мендаги ўзгаришдан хурсандлар. Ҳафтада бир кун уйдаман. Зурур гап бўлса телефон қилишади. Хитой қонунларини билмас эканман. Энди ўқиб ўрганяпман.
Ойгўзал: -25 ёшдаман. 4 ёшли фарзандим бор. Эрим ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Намоз ўқий бошлагандим, эрим кадрга (“кадр” халқ тилидаги атама. Бошқача фикрлайдиганлар билан шуғулланувчи идора. У ҳар бир уездда бор—М.О) айтиб берибди. Мен билан суҳбатлашишгач, хатоимни тушундим. Марказга юборинг деб илтимос қилдим. Келганимга бир йил бўлди. Имтихондан ўтсам бутунлай уйга қайтаман.
Мухбир: -Фарзандингизга ким қараяпти?
Ойгўзал: -Эрим ва унинг ота-оналари. Деярли ҳар куни телефонда хол аҳвол сўраб тураман. Ҳафтанинг охирида бир кунга уйга жавоб беришади, бориб йиғилиб қолган ишларимни қиламан, болам билан бўламан.
Тадбирлар залида йигирма чоғли йигит-қизлар уйғурча рақс сабоғини олар эдилар.
Осиё (рақс муаллими): -Венсуда яшайман. Ҳафтада уч кун келиб тарбияланувчи ёшларга уйғур рақс санъатидан сабоқ бераман. Шогирдларим 300 та. Уларга бир йилдан буён сабоқ бераман. Улар бемалол бирон ансамблда ҳам раққос бўлиб ишлай оладилар.
Қайсар Қахрамон, тарбияланувчи: — Ёшим 24 да. Бир йилдан буён шу ердаман. Намоз ўқисанг жаннатга тушасан, деб эшитгандим. Ёш эканман, адашибман. Бу ерга юборинглар деб кадрга ўзим бордим.
Мухбир: -Илгари бирон иш билан шуғулланармидингиз?
Қайсар Қаҳрамон: -Устага шогирд бўлиб уйларни безаш касбини эгалладим.
Мухбир:-Намоз ўқиш гуноҳми?
Қайсар Қаҳрамон: -Партиянинг ёшлар ташкилоти аъзоси намоз ўқиши-чи?
Гулбўстон, тарбияланувчи: -Намоз ўқимаган дўзаҳга тушади, деб эшитгандим. Бир охундан намоз ўқишни ўргандим. Кейин опамларни мажбур қилдим. Дўстларимни ҳам мажбурладим. Шунда қўшнимиз кадрга хабар берибди. Мен билан суҳбатлашиб тушунтиришди. Кейин адашганимни билдим. Бу ерга ўз хохишим билан келдим.
Патигулислом, тарбияланувчи: -27 ёшдаман. Бир болам бор. Эрим телефонида ҳар-ҳил роликлар кўрсатди. Ҳижобли аёлларни кўрсатди. Кейин ханларни ёмон кўриб қолдим. Кейин кадрга чақириб суҳбатлашдилар. Ҳатоимни тушундим. Эримдан ажрадим. Бир ярим йилдан буён шу ердаман. Бу гал имтихонлардан ўтаман, яхши ўқидим.
Мухбир: -Эрингизнинг тақдири нима бўлди?
Патигулислом, тарбияланувчи:-…
Абдуҳалим, тарбияланувчи: -Келганимга 8 ой бўлди. 3 та болам бор. Деҳқон эдим. Ёнғоқ боғимиз бор. Катта қизим 8 ёшга тўлса ҳам мактабга юбормадим. Уйдаги ишларга қарашсин, дегандим. Мен бошқача таъсирга берилган эканман. Сухбатлашишди, тушунтиришди. Қизим мактабга чиқди. Ўзим миямдаги диний асабийлашувдан тозаланай деб бу ерга ихтиёрим билан келдим.
Мухбир: -Боғга қараш, тирикчилик нима бўлади энди?
Абдухалим: -Хотиним эплаяпти. Агар қийналсак болаларни ҳам давлат боғчалари бор, шунга олиб кетишади. Лекин хозирча хотиним қараяпти.
Мухбир: -Нега сизни олиб келишган?
Маликазот: (ўзи уйғур, аммо хитой тилида жавоб берди) –Сизни тушунмадим. Давлат тилида гапиринг. Қолаверса ҳозир вақтим йўқ сиз билан гаплашишга.
Абдурахим, тарбияланувчи: -Ота-онам ўлган. Ўн яшар укамни мактабга юбормаганман. Қўшним бориб айтибди, кадрга. Хатоимни тушундим. Битта болам бор. Ҳозир хотинимда қолди, укам ҳам. Аммо мактабга боряпти…
Биз кирган хоналарнинг бирида кутилмаган манзарага дуч келдик. 30-35 чоғли тарбияланувчилар тасвирий санъат дарсидан сабоқ олардилар. Шинжоннинг гўзал манзараларидан бирини чизаётган йигит ёнига ўтирдим.
—Исмим Маматали. 8 ойдан буён шу ердаман. Касб йўналишида рассомчиликка ўрганяпман. Ёшлигимда ҳам расм чизиб юрардим, лекин бунга ўқимагандим. Ароқ ичганларни кўрсам, айниқса ханларни, асабийлашар эдим. Ургим келарди. Буни кўрганлар кадрга айтишибди. Тушундимки, мен хато йўлда эканман. Мени қайта тарбияланглар деб илтимос қилдим, уларга…
Маматали бу гапларни юзида бахтиёрлик акс эттириб айтишга ҳаракат қиларди. Лекин… охирги сўзларни айтаётганида кўзлари уни “фош” қилди. Кулиб турган юзига милтиллаб кўз ёши думалади.
Маматали энди 22 ёшга тўлибди. Келишган, баланд бўйли йигит. Ота-онаси деҳқон экан.
Мухбир: -Суйган қизингиз борми?- Вазиятни “ўнглашга” ҳаракат қиламан.
Маматали: —Ҳа, —деди у беғубор кўзларини артар экан. -Кутяпти. Исми Алфия… Ота-онам ҳам кутяпти…
Қайта тарбиялаш марказида мана шулар каби яна ўнлаб ўхшаш тақдирларни учратдим ва суҳбатлашдим. Ҳўш, намоз ўқиса, ароқ ичганни ёмон кўрса, ёқтирмаган одамига савдо қилмаса, боласини мактабга юбормаса… наҳотки шу важлар уларни оиладан айро қайта тарбиялаш марказларига жалб қилишга асос бўла олса? Ахир улар жиноят содир этмаганку!
—Тўғри, улар Хитой қонунларида белгаланган жиноятни содир этмаганлар. Агар жиноятчи бўлганларида қайта тарбиялаш маркази эмас, қамоқда бўлардилар, -дейди Тянь Вен ҳоним. –Биз онгида экстремистик ғоялар куртакланаётганларни ўз вақтида қайта тарбиялаяпмиз. Токи улардаги бу оғма фикрлар ривожланиб экстремизмга етакламасин. Ундан радикализм келиб чиқмасин, кейинчалик террорчига айланмасин, дея олдини оляпмиз. Биласизми, давлат бу ишларга қанча маблағ сарф қиляпти? Ҳар бир уездда марказ ташкил этиш, уларга ётоқ жой хозирлаш, яшаш учун етарли даромад келтирадиган касбга ўргатиш, партия ғоялари ва қонунчилик асосларига ўқитиш, давлат тили — хитой тилини мукаммал билишига эришиш, энг муҳими дунёқарашини ёт, экстремистик фикрлардан тозалаш, қолаверса соғлиғини сақлаш, кунига уч махал тўйимли овқат билан боқиш, қўриқлаш… Ахир шунча ҳаражат нега сарфланяпти? Тинчликни сақлаш учун! Тинчлик бўлган жойдагина тараққиёт бўлади. Бу – тинчликни таъминлашдаги Хитой танлаган йўл.
Экстремизм қачон терроризмгача ўсиб боради? Инсонни террористга айлантирадиган сабаб, балки бош сабаблардан бири – эҳтиёж. Иш ўрнига, муносиб даромадга, қонун устивор жамиятга бўлган эҳтиёж. Уларнинг бири бўлмаган тақдирда ҳам уни тўлатадиган ташқи кучлар топилади. Афғонистонда неча ўнлаб йиллар давомида террористик ҳаракат тўхтамаяпти. Ҳатто АҚШ ҳам буни эплай олмаганини тан олди. Аслида эплай олмайди ҳам. Чунки Афғонистонга тинчлик керак. Тинчлик бўлиши учун иш ўрни, меҳнат бозори, ишлаб чиқариш корхоналари ва албатта қонун устиворлиги керак. Бугун Афғонистонда буларнинг қай бири қай даражада мавжуд? Хитой марказий ҳукумати Шинжонни хеч қачон Афғонистон, Сурия, Ироққа айланишига йўл қўймайди.
Тан олайлик, таҳлил қилайлик. Масалага Ўзбекистон мисолида ёндашилганида ҳам илгари биз экстремистик ҳаракат, ғоя ва дунёқарашга олиб келадиган сабабларга қарши эмас, у келтириб чиқарган натижаларга қарши курашиб келдикку, ахир. 1989 йилги Фарғона, 1991 йилги Наманган, 2005 йилги Андижон воқеалари чоғи натижа билан курашмадикми? Бирон арбоб, ҳой яхшилар, нега экстремистик дунёқараш одамларни кўчага олиб чиқди, демади. Фақат қама-қама ва ўқ узилди, уларга қарата. Мен терроризмни келтириб чиқармаслиги учун Хитой ҳукуматининг Шинжон тажрибаси энг тўғри ва самарали йўл демоқчи эмасман. Асло. Гарчи ҳар бир тарбияланувчи бу марказларга ўз ихтиёрим билан келдим, дея такрор ва такрор айтаётган бўлсада уларни эркинликдан йиллаб мажбурий ихоталаш (яъни имтихон топшира олгунча ушлаб туриш) халқаро қонун, инсон ҳуқуқлари меъёрларига қанчалар мос келади, масаланинг бу томони ҳам бор. Лекин бу улар таъкидлаётганидек, Хитой танлаган йўл, эхтиёжни қондириш даражасини ўстириш билан экстремистик ғояларни инсон онгидан ҳайдаб чиқариш йўли.
Жаҳон ҳамжамияти масалага бир ёқлама ёндошаётган, воқеликни фақат қора кўзойна орқали ёритаётган Ғарб ОАВлари хулосларига асосланмаслиги керак. Биз бўлган марказларнинг биронтаси тиканли симлар билан ўралмаган. Ҳар бирида телефон орқали сўзлашув хоналари бор. У ерга 20 тача телефон қўйилган. Оила аъзолари билан истаган вақтда бемалол мулоқот қила оладилар. Агар дастлабки йилда тарбияланувчилар бир хил кийим кийган бўлсалар, ҳозир қандай кийим кийиш ихтиёрий. Тавсия қилинган 15 та ҳунарлардан қай бирини танлаш ихтиёрий. Ҳафтада бир кун уйига, оиласи ёнига бориб келиш имкони берилган. Энди айтинг, бу каби марказларни қамоқ, лагер деб атаса тўғри бўладими?
Шинжонда бўлган бир ҳафта давомида менда ўнлаб жавобсиз саволлар ҳам туғилди. Нега Урумчидаги ислом институтида уйғурларга қуръони карим, дин аҳкомлари хитой тилида ўқитиляпти? Нега минглаб мусулмонлар намоз ўқийдиган Қашқардаги Ийдгоҳ, Хўтан, Оқ-Суу, Урумчи жомъе масчитларида жума намозига атиги 20-30 чоғли одам келяпти холос? Нима, улар исломдан, мусулмончиликдан юз ўгирдиларми? (Бу ҳақидаги масчит имомлари билан суҳбат алоҳида мақола тарзида эълон қилинади – М.О) Нега экстремистик ғояга қарши кураш фақат уйғурлар, умуман мусулмонлар орасида холос? Бошқа миллатлар ичида бундай оқимга мойиллик йўқми? (Бу ҳақида Шинжон Фанлар Академияси президенти билан хос интервьюда танишасиз — М.О)
Ҳар қандай мамлакат ўзининг сиёсий докторинасига эга. Шинжондаги қайта тарбиялаш марказлари Хитой ҳукумати ички сиёсатининг махсули, у танлаган йўлдир.
Менинг бу ёзганларим кимларгадир ёқмас. Лекин мен кўрганим, билганим ва сухбатдошларимнинг сўзлари, фикрларини сизга ҳавола қилдим. Журналист қози эмас. У ҳукм ёки қарор чиқармайди. У воқелик ҳақида холис ахборот беради. Хулоса эса Сиздан.
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
R.S Дарвоқе, қайси давлатнинг қайси журналисти Шинжон ҳақида нималар ёзгани билан қизиқсангиз, марҳамат, мен улар вакили бўлган ОАВлари рўйхатини бераман. Шуни қўшимча қилмоқчи эдимки, Сафар сўнггида Шинжон воқелиги туфайли Хитойга нисбатан кескин мақолалар ёзган Америка, Европа, осиёлик журналистлар ҳам дастлабки фикрларини ўзгартирдилар.