Ҳашар биз учун қадриятга айланган
Роппа-роса 80 йил олдин 1939 йил 1 августдан бошлаб халқ ҳашари билан Катта Фарғона канали жуда қисқа муддатда (45 кунда) қуриб битказилган.
ХХ асрнинг улкан қурилишларидан бири бўлган, Марказий Осиё халқларининг турмуш даражасини яхшилаш борасида катта бурилиш ясаган Катта Фарғона каналининг тарихи барчамиз учун қизиқарли ва албатта ҳайратланарлидир. Бунинг боиси шундаки, асосан ҳашар йўли билан тупроқ қазилиб, ўз ниҳоясига етказилган ва Фарғона водийсида бунёд этилган энг йирик гидротехник иншоотдир.
Асосий ўзани узунлиги 350 км.ни ташкил этган канални қазиш учун халқ ҳашарида 180 минг нафар ишчи ва деҳқон ҳамда 3000 нафар муҳандис-техник ходим қатнашган.
***
Гап нима ҳақида кетаётганини англагандирсиз. Куни кеча ЎзАда чиққан “Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда” сарлавҳали мақолага Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги муносабат билдирди. Унда айтилишича, “бундай тадбирни ўтказиш меҳнат қонунчилигининг тўғридан-тўғри бузилиши ва меҳнатга оммавий мажбурлаш саналади”.
Вазирликнинг бутун республикада қурилиш ва ободонлаштириш жараёни кетаётган бир пайтда ўз ахбороти билан халқнинг фикрини манипуляция қилиши бошқа масала. Бу учун тегишинча жавоб берилар…
Лекин халқимизнинг бир-бирига ёндош бўлиб, ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш сингари азалий урф-одатларимиз саналган ҳашар ҳақидаги тасаввурлари, тушунчаларига дарз етказиш – бу жуда ёмон.
Битта туманни тўлиқ ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш, эски, пастқам, лойсувоқдан қилинган бинолари ўрнига, замонавий, кўркам, зилзилабардош хонадонлар, ижтимоий ва бошқа объектлар қуриш осон эмас, албатта.
Бу гапни бежиз эсламадик. 2011 йил 19 июлдан 20 июлга ўтар кечаси Фарғона водийсида зилзила содир бўлган. Натижада 13 киши, шундан Риштон туманида 5 нафар одам уй-жойларга шикаст етиши оқибатида вафот этган. Қирқдан ошиқ одам жароҳат олган, Риштон тумани марказий касалхонасининг болалар кардиологияси бўлими яроқсиз ҳолга келиб қолган. Рихтер шкаласи бўйича 6,3 баллик зилзилага юзлаб уйлар дош беролмаган. Бугун қайта қуриш ишлари Риштон туманида бошланиши сабабларидан бири ҳам аслида шу.
Жамиятнинг асосий бўғини – бу маҳалла. Маҳалла эса оиладан бошланади. Ўз оилангизда тўй-маросим қилсангиз ҳам ака-ука, опа-сингиллар, қариндош-уруғлару қўни-қўшнилар тўпланиб, тараддуд, тадорик кўришади. Бугун Риштондаги қурилиш ишларида бошқа туманлардан, ташкилотлардан ҳашарчилар ёрдамга келаётган бўлса, эртага бутун мамлакат миқёсида кенг қулоч ёзаётган бунёдкорлик ишлари уларнинг туманида давом эттирилса, риштонликлар ҳам қараб турмайди. Ҳамманинг мақсади бир –қиш-қировли, ёғин-сочин кунларга қолмай одамларнинг уй-жойларини бутун қилиб, етарли шароитлар яратиб бериш.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири эса Риштон туманида шундоққина қурилиш-ободонлаштириш ишлари кетаётган катта йўл ёқасининг биқинида жойлашган “Водий” чойхонасида ўтирмай одамларга ёрдам берса, улар билан суҳбатда бўлса, дардига дармон топишга ҳаракат қилса, жилла қурса, “ҳорманглар” деб қўйса мақсадга мувофиқ бўлармиди… Ахир ҳукумат вакили эмасми у?!
Азамат Ахмедов