Эътироф

Қўқонга “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” унвони берилди

Бу ҳақда Жаҳон Ҳунармандлари ташкилотининг раҳбари Рози Гринлес хоним яқинда шаҳримизга ташриф буюрган ташкилотнинг Осиё ва Тинч океани бўйича раҳбари Гадда Каддуми хонимга йўллаган хатида хабар берди.

“Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик узоқ тарихга эга эканлигини, шаҳарда ҳунармандчилик жамиятда ва соҳада одамларни бирлаштирувчи вазифани бажараётганини ҳисобга олган ҳолда Қўқон шаҳри Жаҳон ҳунармандлари шаҳри унвонидан фойдаланиб, ҳунарманчилик соҳасидаги халқаро алоқаларини ривожлантиришига ва бошқа жаҳон ҳунармандлари билан ўзаро тажриба алмашиш ва ҳунармандчиликни янада юксак даражага кўтаришига умид билдириб, Қўқон шаҳрига Жаҳон ҳунармандлари шаҳри унвони берилгани билан табриклайман! деб ёзади Рози Гринлес.

Жаҳон ҳунармандлари шаҳри унвони 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунгача унга жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 30 шаҳар сазовор бўлган. Қўқон шаҳри ушбу унвонга сазовор бўлган 31чи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги биринчи шаҳар бўлди.

Ушбу унвон Юртбошимизнинг Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида, юксак эътибор туфайли, Қўқон шаҳрининг туризм салоҳиятини юксалтириш ва келажакда халқаро туризм шаҳрига айлантиришдаги катта қадам бўлди. Барча ҳамшаҳарларимизни ушбу юксак натижа билан муборакбод этамиз!

Мухтасар НОРБОЕВА