Янгиликлар

Бўлим бошқаруви томонидан 2014-2019 йиллар давомида қилинган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлимининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ижодий уюшма вилоят бўлими бошқаруви томонидан 2014-2019 йиллар давомида қилинган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар таҳлилига тўхталар экан, ижодий уюшма вилоят бўлими асосий эътиборни журналистларнинг жамиятдаги тутган ўрни, мавқеини кўтаришга, газета-журнал, телерадиоканаллар, нашриёт ва ахборот агентликларида ишлаётган, шунингдек, эркин ижодкорларнинг ижтимоий-иқтисодий, ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя қилишга кўмаклашишга қаратганини таъкидлаб ўтди.

Бу даврда бир неча бор Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, мамлакатдаги етакчи оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари иштирокида амалий семинар, конференция ва очиқ мулоқотлар уюштирилди.

Ҳисоботда айтилишича, журналистларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилашга ёрдам бериш ижодий уюшма вилоят бўлими учун ҳамиша устувор йўналишлардан бири бўлиб келди. Ҳар йили барча  байрамлар арафасида вилоят ОАВларида узоқ йиллар ишлаб, ҳозир қарилик таътилида бўлган устозлар, беморлар, кам таъминланган ҳамкасблар ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, фаолият олиб бораётган журналистлар соғлиғини мустаҳкамлаш уларни ижодий руҳлантириш омили деб қаралди. Шу мақсадда “Чимён” санаторийсида 2015-2018 йилларда 239 нафар журналист ҳам соғлиғини тиклади, ҳам малака ошириш ўқувларида иштирок этди.

Ҳисобот йилларида Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё вилоятлари журналистлари билан тажриба алмашилгани, хорижий ҳамкасблар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги ҳам қайд қилинди. Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Хитой ва Саудия Арабистони журналистлари билан мулоқотлар ташкил этилганлигига урғу берилди.

Чимён медиалагерида дастлаб вилоятдаги ОАВ вакилларига ўқув-семинарлар уюштирилган бўлса, кейинчалик унга Андижон, Наманган ва бошқа вилоятларнинг журналистлари ҳам қўшилди. Ўтган йили медиалагерда “Озодлик”, “Америка овози” радиолари, БиБиСи, Туркиянинг “Анадоле” ахборот агетлиги мухбирлари ҳамда “Дунё ўзбеклари” интернет сайти раҳбари иштирок этгани унинг аҳамиятини, нуфузини янада юқорига кўтарди.

Йиғилишда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими тафтиш комиссиясининг беш йиллик ахбороти ҳам тингланди.

Шундан сўнг берилган ҳисоботлар маъқулланди, таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Ижодий уюшма вилоят бўлимининг бошқарув ҳайъати, тафтиш комиссиясининг янги таркиби, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси этиб Муҳаммаджон Обидов сайланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси конференциясига вакиллар сайлаб олинди.

Ҳисобот йиғилиши якунида журналистлар касб малакасини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш,  ҳуқуқий ёрдам бериш каби ишлар доимий вазифа бўлиб қолиши айтиб ўтилди.