«Фарғона пресс-клуб» ўз фаолиятини бошлади
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими таркибида «Фарғона пресс-клуб» илк сессиясини ўтказди.
Мазкур пресс-клубнинг илк сессияси давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси, амалга оширилаётган ишлар таҳлили ҳамда бир гуруҳ вилоят фаолларининг фарғоналикларга йўллаган мурожаатномаси тарғиботига бағишланди. Унда Тошлоқ, Ёзёвон туманлари ҳокимлари, вилоятдаги бир қатор ташкилот ва бошқармаларнинг раҳбарлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида кўплаб йўналишларда аниқ вазифаларни белгилаб берган бўлиб, айни кунларда унинг ижросини таъминлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Вилоят фаоллари ҳам ана шулардан келиб чиқиб, мурожаатнома қабул қилган.
Ишлаб чиқилган дастурга кўра, вилоятда 2019-2020 йилларда қиймати 40,4 триллион сўм бўлган 624 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши белгиланган бўлиб, улар негизида 49,8 мингта иш ўрни яратилади. 300 минг нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳам манзилли дастур ишлаб чиқилган. 2019-2022 йиллар давомида Олтиариқ туманида 10 та узумчилик, Қува туманида 10 та анорчилик ва Қувасой шаҳри, Қува, Ўзбекистон туманларида 5 та гилосчиликка ихтисослашган кластерларни ташкил этиш ишлари бошланган. Шунингдек, бешта ташаббусни амалга ошириш, инвестицияларни жалб этиш каби кўплаб йўналишларда ҳам амалий ишлар давом этмоқда.
Сессияда айрим ҳудудларда бу борадаги ишларнинг ижросини таъминлашда баъзи бир камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид остига олинди. Хусусан, Тошлоқ туманида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида кредит ажратиш, Ёзёвон туманида эса хорижий инвестицияларни жалб этиш, Олтиариқ туманида узумчилик кластерини ташкил этиш борасидаги ишлар суст амалга оширилмоқда. Вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласида ҳам тегишли мутасадди ташкилотлар амалий ишга қўл ургани йўқ. Мазкур мавзуларга оид танқидий видеолавҳа намойиш этилди. Туман ҳокимлари ва мутасаддилар томонидан бу борадаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
– Ҳозирга қадар 3 та қўшма корхонани ишга туширдик, – дейди “Сайқал” хусусий корхонаси раҳбари Абдураҳмон Ниёзов. – “Олма пиш, оғзимга туш”, деган замонлар ўтди. Тадбиркорнинг замони келди. Тошдан қоғоз ишлаб чиқарадиган қўшма корхонамиз ҳам насиб қилса, янги йилдан илк маҳсулотини чиқара бошлайди. Мана, бугун вилоятимиздаги 9 та туманда хорижий инвестиция иштирокидаги корхона камлиги айтиб ўтилди. Хўш, бунинг асл сабаблари нимада? Биз ана шунга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Мулоқот давомида ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, тадбиркорлар, журналистлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Саволларига жавоб олди.
Мазкур пресс-клубнинг даврийлиги қандай бўлади, деган саволимизга пресс-клуб раҳбари Муҳаммаджон Обидов шундай жавоб берди:
– Биз пресс-клубнинг сессияларини маълум бир жадвал асосида олиб бормаймиз. Сессия мавзуларини кундалик воқеа ёки долзарб янгиликлардан келиб чиқиб белгилаймиз. Ўша куни тегишли мутасаддилар ва журналистлар иштирокида муҳокама қилиш, аҳолининг бундан хабардор бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
М.СУЛАЙМОНОВ,
М.ҚОДИРОВ олган суратлар