Эътироф

Афғонистон ёшлари фарғоналик журналистлар меҳмони

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситаси ходилари куни,  касбий байрам арафасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Термиздаги афғон ёшлари ўқув маркази талабалари учун “Афғонистон – менинг Ватаним” ва “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” мавзуида иншо танловининг ўтказган эди. Унда марказ битирувчилари Азиз Аҳмад Аминий ва Ферузуллоҳ Сирдош ғолиб бўлдилар.

Ижодий уюшма Фарғона вилоят бўлими барча ҳаражатларни ўз зиммасига олиб, уларни Фарғонага таклиф этди. Улар 3 кун давомида Қўқонда тарихий обидалар, замонавий иншоотлар билан танишдилар. Кузда бўлажак Ҳунармандлар халқаро фестивали ўтадиган манзилларда бўлдилар. Марғилондаги Эркин Воҳидов музейи, Бурхониддин Марғиноний ва Пир Сиддиқ ёдгорликларига бориб танишдилар. Ҳунармандлар марказидаги атлас, адрас тарихи кўргазмалари, устазодаларнинг таълим мактаблари уларда унутилмас таассурот қолдирди. Риштон кулолчилик устахоналаридаги санъат асарлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Фарғона шаҳрининг бугунги, янги қиёфаси, Ал-Фарғоний ёдгорлиги, санъат саройи, спорт иншоотларидан ҳайратландилар.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Афғонистон ёшлари учун расмий қабул уюштирди. Унда бўлим раиси Муҳаммаджон Обидов меҳмонларга уюшма иш фаолияти, вилоят ОАВлари ҳақида маълумот берди. Бундан кейин ҳам Афғонистон ва Фарғона вилояти ёшлари ҳамда ОАВлари ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораверади дейилди, қабул чоғида.

Афғон ёшлари Фарғона вилояти журналистларнинг касб байрамида  иштирок этдилар. Уларга уюшманинг ғолиблик дипломи ва совғалари топширилди.

Умида Мирзаматова

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Фарғона вилоят бўлими мутахассиси