Янгиликлар

Байрам арафасида бир гуруҳ фахрий журналистлар ҳолидан хабар олинди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан фахрий журналистлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш яхши анъанага айланган.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами арафасида ҳам бир гуруҳ фахрий журналистлар хонадонларига ташриф буюрилди. Улар ҳолидан хабар олиниб, байрам табриклари ҳамда совға – саломлар топширилди.

Маҳфуза Усмонова бутун умрини журналистикага бағишлаб, ўзининг таҳлилий, публицистик мақолалари билан халқ меҳрини қозонган. У айни кунларда кексалик гаштини суриб, невара-чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ҳамда бир гуруҳ журналистлар Фарғона шаҳридаги Маҳфуза Усмонованинг хонадонида бўлиб, байрам билан табриклади.

– Журналистлик касбини танлаганимга доимо шукроналар айтаман, –дейди М. Усмонова. – Доимо ҳаётнинг қайноқ нуқтасида бўлиш, халқимизга янгиликларни холислик билан етказиб бериш шарафли ва масъулиятли ишдир. Мана бундай эътибор эса бизни умримизга умр қўшмоқда. Бундан жуда ҳам миннатдорман.

Ўзбекистон телевидениясининг “Ахборот” дирекциясини тасвирчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Шуҳратжон Мирзакаримовни маҳорати ва истеъдоди бугун кўпчиликка ибрат. У орамизни бевақт тарк этган бўлсада, порлоқ хотираси доимо ҳамкасблар қалбида. Байрам арафасида унинг хонадонига ташриф буюрилиб, оила-аъзолари ҳолидан хабар олинди.

“Шуҳратжон Мирзакаримов ўзининг қисқа, лекин сермазмун ҳаёти давомида журналистикамиз тарихига ёрқин саҳифа ёзиб кетди. У ўз касбининг моҳир устасигина эмас, балки устазодаси, тасвирчилик санъаткори эди. Унинг кўзи билан кўрилган дунё яна дунёга қайтарилди. У тасвирга туширган репортаж ва кўрсатувларни Ўзбекистондагина эмас, Осиё, Европа қитъаси мамлакатларида ҳам мароқ билан томоша қилдилар. Воқеликнинг энг ноёб дақиқаларини тасмага муҳрлаб, тарих яратишдек бахт унга насиб этди”. Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ана шундай дил сўзлари ифодаланган байрам табриги унинг турмуш ўртоғи Маҳбубахон Мирзакаримовага топширилди.

М. Сулаймонов,

Суратлар муаллифи М. Қодиров