Янгиликлар

ХИТОЙЛИК  ТЕЛЕИЖОДКОРЛАР ФАРҒОНАДА

Хитой марказий телевидениесининг «CCTV-4» канали ижодкорлари Фарғона вилоятида халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналари, ҳунармандчилиги, маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм  суратга олмоқда.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий гуманитар соҳаларда ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар тобора мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси Журналистлари ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари бунинг далилидир.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими  таклифи асосида Хитой марказий телевидениесининг «CCTV-4» канали ижодкорлари Марғилоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари ҳақида лавҳалар тайёрлади.

– Мамлакатимизда Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган шаҳарларингиз, умуман, Ўзбекистонга, халқингизнинг бой тарихий-маданий меросига қизиқиш тобора ортмоқда, – дейди Хитой марказий телевидениеси режиссёри Пань Нин. – Кейинги йилларда юртингизда хорижлик сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилаётгани туризм истиқболини таъминлайди. Бу туркум кўрсатувлар орқали Хитой халқини Ўзбекистон ва унинг бетакрор табиати, бой тарихий мероси, ажойиб одамлари билан таништиришни мақсад қилганмиз.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлимида телеканал ижодкорлари билан учрашув ўтказилди. Унда икки мамлакат ОАВда ахборот излаш, қайта ишлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муаммолар ечими, Хитой телевидениеси ва Фарғона вилоятидаги телеканаллар билан видеоахборотлар,  келгусида тажриба ошириш учун ўзаро мухбирлар алмашиш каби масалалалар юзасидан фикр алмашилди.

– Фарғона водийси ўзига хос унутилмас таассуротлар қолдирди, – дейди Хитой марказий телевидениеси бош муҳаррири Ян Хуа. – Ташриф давомида Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ҳам сафар уюштиришни режалаштирганмиз. Ишонамизки, самимий ва дўстона ижодий ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам давом этади.

Учрашувда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов фарғоналик журналистларнинг Хитойга  сафарлари, хитойликларнинг Фарғона вилоятига ташрифи ҳақида сўзлаб берди, айни мавзуда ҳикоя қилувчи ҳужжатли лавҳалар намойиш этилди. Журналистика соҳасидаги янги услуб ва анъаналар, босма даврий нашрлар, телекўрсатувлар тайёрлаш ва интернет сайтлари фаолияти ҳақида мунозаралар бўлди.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, бундан 21 аср муқаддам Хитой императори элчиси Фарғона водийсига келган. Бу ернинг жўғрофий тузилиши, табиати, ўсимликлари, халқининг урф-одатлари, касб-кори ҳақида ёзиб қолдирган. У ўзи билан узун оёқли қорабайир наслли учқур отлардан, узум, ёнғоқ уруғи ва кўчатидан олиб кетган. Императорнинг буйруғига кўра бу кўчатлар Хитойда маҳаллийлаштирилган.

Хитойлик телеижодкорлар элчи босиб ўтган манзилларни ҳам тасвирга туширди. Хусусан, Қувасой шаҳридаги “Водий тулпорлари” қорабайир от наслчилик мажмуаси уларда катта таассурот қолдирди.