Суд ислоҳотларининг янги босқичи амалда
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
“Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январь кунги ПФ-11-сонли Фармонида 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасида вазифалар белгиланган. Унга мувофиқ, 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланган.
- «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
- адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;
- фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш каби масалалар Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланган.
“Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 2023 йил 27 сентябрь куни имзоланди.
☑️ унга мувофиқ:
- Суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкин.
- Жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда прокурор иштирок этади.
- Суд жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда шикоят ёки протест важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан тегишли шикоятни бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят (протест) берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.
- Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакили биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят беришга ҳақлидир.
- Агар шикоятда ёки протестда оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги ҳақидаги, жазони кучайтириш тўғрисидаги ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга кирганидан кейин 1 йил ичида йўл қўйилади.
- Ҳукм чиқарган суд жиноят иши тафтиш инстанцияси судига юборилганлиги тўғрисида тегишли шахсларни 3 сутка ичида хабардор қилади.
Қонун билан шунингдек, ҳукм устидан апелляция шикоятларини (протестларини) бериш муддатлари 20 суткадан 10 суткага қисқартирилди.
Шунингдек, суд ҳукми, ажримини ва қарорини ижро этиш чоғида юзага келган масалаларни ҳал қилиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш ва хусусий протест билдириш тартиби белгиланди.
Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қонун судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқи имкониятлари кенгайишига, норозиликларни олдини олишга, ортиқча сарсонгарликларга йўл қўйилмаслигига хизмат қилади.
А.Мадаминов,
Андижон вилоят суди судьяси.