Тадбирлар

“Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиблари аниқланди

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган «Энг улуғ, энг азиз» анъанавий республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов иштирок этиб, ижодкорларни байрам билан табриклади.
Тадбирда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти, эркин ва озод Ватанда яшаш саодати, замонамиз қаҳрамонларининг ибратли ҳаёти ёритилган энг сара ижодий ишлар муаллифлари эътироф этилиб, ижодкорларга яратиб берилган шароитлар хусусида сўз юритилди.

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган танловда “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари”, “Интернет-журналистика”, “Журналистлар томонидан нашр этилган публицистик мавзудаги китоблар”, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” ҳамда “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналишларида ғолибликни қўлга киритган ижодкорларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

— Танловда “Тонг туҳфаси” асарим учун ғолибликни қўлга киритдим, — дейди шоира Шодия Йўлчиева. – Инсонга меҳнатининг эътироф этилишидан ортиқ мукофот йўқ. Ўзбекистоннинг ижодкор аёли сифатида адабий жараёнларда фаол иштирок этаётганимдан фахрланаман.

“Ижодкор нафас оладиган ҳаво – адабий муҳитдир. У тоза ва мусаффо бўлиши керак”, деганда Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ҳақ эди. Бугун Ватанимизда, вилоятимизда шундай ижодий муҳит яратилган.
Эътибор, рағбат эса ижодкорларни руҳлантириб, яхши асарлар яратишида илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.