Муваффақият сари йўл
Тадқиқотчи учун энг муҳим жараёнлардан бири ўз изланишларини оммага билдириш, уларни мавзуси билан таништириш, соҳа янгиликларию камчиликларидан бохабар этишдир. Ўртага ташланган мавзу баҳсларга сабаб бўлиб, тобланса, пишса… Ана шунда қилинаётган илм сал бўлса-да, амалиёт билан боғланади.
Фарғонада бўлиб ўтаётган Медиафорумнинг бешинчи кунида ўз илмий ишим бўйича чиқиш қилганим тадқиқотим жараёнидаги катта бир қадамларимдан бири бўлди, дея оламан. Чунки республиканинг турли ҳудудларидан келган 70 нафарга яқин журналистлар даврасида ўз мавзуимни кўтариб чиқдим, долзарблигини тушунтирдим.
Конвергент таҳририят нималиги, бугунги кунда биздаги таҳририятлар қай даражада конвергентлашаётгани ва уларда фаолият олиб бораётган журналистлар медиаконвергенция шароитига қай даражада мос ишлаётгани, келгусида нималар қилиш лозимлиги ҳамда журналистлар мультимедиавий контент яратишда қайси ахборот узатиш усулларидан фойдаланиши мумкинлиги каби масалалар хусусида оз бўлса-да маълумот ва билим беролган бўлсам, демак бу қадамим муваффақиятли кечди!..
Шу ўринда каминага устозлар қаторида минбарда сўзлашга имконият берган Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидовга, буни уддалашимга ишонч билдирган илмий раҳбарим, устозим Назира Тошпўлатовага ҳамда бизни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлашга тайёр ЎзЖОКУ проректори Нозима Фахрутдиновна, факультет декани Акбар Норматович ва илмий бўлим бошлиғи Ҳилола Батировналарга миннатдорлигимни билдираман.
Соҳиба Муллаева,
журналист.