Тадбирлар

«Мен ниманидир ўрганишим керак, деб фикрласангиз, демак сиз холиссиз!»

Х Чимён медиафоруми салоҳиятли, тажрибали журналист-тренерларнинг иштироклари билан қизиқарли ва самарали кечмоқда. Бугунги тренингга «Америка овози» Ахборот агентлиги мухбири Навбаҳор Имомова ҳам ташриф буюрди. У сўзи аввалида Фарғона вилояти Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятига юқори баҳо берди, салоҳиятли журналистик жамоани шакллантира олган гуруҳ сифатида эътироф этди.

— Дунёда сифатли маълумот кўп. Ҳар бир журналистнинг ўз ҳақиқати бор. Ҳақиқат бу бизнинг фикримиз, воқеликка нуқтаи назаримиз эмас холислик тамойилларига асосланган ахборотдир. Журналистикада фаолият юритиш қийинлашган даврдамиз. Бу жараёнда холислик ва бетарафликни асраб қолишимиз муҳимдир. Дунёни холис информацияга асосланган ишончли ахборот тебратяпти, — деди Навбаҳор Имомова.- Холислик тамойили, мантиқан фикрлаш қобилияти журналист учун энг муҳим жиҳат бўлиши керак. Чунки холис бўлиш учун мантиқан фикрлаш зарур. Ҳақиқат серқирра, уни очиб бера олиш маҳорати эса ҳар биримиз учун зарур. Ахборот йиғиш ва узатишда «Омма нима учун буни билиши керак?», «Бундан кимга нима наф?», деган саволларни ўзимизга беришимиз керак.

Навбаҳор Имомова ўз нутқида журналист ҳеч кимнинг одами эмаслигини англаши, холис инсон бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Ишонинг — холислик бор ва табиий нарса. Мен ниманидир ўрганишим керак, деб фикрласангиз, демак сиз холиссиз!» деди халқаро тажрибага эга журналист.

Мухтасар Исақова,
журналист.