Тадбирлар

«Адолат бор жойда даромад бўлади»

Чимён медиафоруми 2-кун:
Глобаллашув даврида оммавий ахборот воситаларининг вазифаси

Медиафорумда ОАВнинг ҳуқуқий асослари яратилиши ва такомиллаштирилишида асосий ташкилотчи журналист, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси Карим Бахриев «Журналистлар қайси қонунни билиши шарт? Касб ахлоқи, кодекслар амалиёти ва ижтимоий масъулият» мавзусида иштирокчиларининг касбий кўникмаларини оширди.

«Касбимиз улуғ касб, конституциявий касб. Журналистика асосини ахборот ташкил этади. Жамиятга ахборот нима учун керак? Тиббиёт ходимлари мисолида айтсак, энг чекка ҳудудлардаги шифокорлар соҳа янгиликларини албатта ахборот орқали, ОАВларини кузатиш ва китоб ўқиш орқали олади. Январь ойида давоси йўқ деб қаралган касалликнинг март ойига келиб давоси топилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қаралса барча соҳа ходимлари учун ахборот зарур.

Халққа оқни қорадан ажратиш, ўзи учун муносиб номзодни сайлашида ҳам албатта ахборот ва билим зарур. Онгли тарзда маълумот олиш, билимини ошириш учун ахборот керакдир. Халқни фикрлар бошқаради. Холис, таҳлилий, таъсирли ахборотга эга сифатли газета-журналлар, оммавий ахборот воситалари орқали жамият фикрини ўзгартириш мумкин.

Айниқса, ахборот асрида ахборий маҳсулотлар муҳим аҳамият касб этади. Тарихга назар солсак, ер эгалари бой бўлишган. ХIX саноатлашган асрда саноатчилар бой бўлишган. XXI асрни ахборот асри деб баҳолаймиз. Бугун дунёнинг етакчи миллиардерларининг фаолиятларини кузатайлик. Ахборот асрига келиб ахборот алмашиниш воситалари яратувчилари энг бой қатламдир.» — деди Карим Бахриев.

Маърузачи ахборот журналистнинг нони эканлиги, ҳар бир журналист ахборот тайёрлашда, аввало халқаро ҳуқуқлардан хабардор бўлиши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. Сўз, фикр, инсон ҳуқуқларининг энг аввалида халқаро пакт туриши эътироф этилди.

Шунингдек, медиафорумда журналистлар, ОАВларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, масъулиятлари хусусида кенг маълумотлар берилди. Журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Медиафорум тажрибали журналист-олимлар, тренинглар маърузалари билан давом этмоқда.

Мухтасар Исоқова,
журналист