Тадбирлар

Фарғоналик журналистнинг юбилейи тантанали нишонланди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан Олтиариқ туманидаги муҳташам маданият саройида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва халқаро “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби, таниқли журналист Олимжон Ҳакимовнинг 70 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда туман ҳокимлиги, вилоятдаги ОАВ ходимлари, фаол маънавият тарғиботчилари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этишди.

Маънавият ва матбуот байрамига айланган тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов очиб, серқирра ижодкор, Фарғона журналистикасининг фахри Олимжон Ҳакимов сермазмун ҳаёти ва соҳадаги самарали меҳнат фаолияти ҳақида гапириб ўтди.
Устоз журналист меҳнат фаолияти давомида туман газетасида оддий ходимликдан бошлаб, “Фарғона ҳақиқати” газетаси бўлим мудири, Олтиариқ тумани ҳокимлигининг “Давр овози” газетаси бош муҳаррири лавозимигача бўлган сермашаққат ижод йўлини босиб ўтди. У ўзининг равон тил, содда услубда, пишиқ-пухта ёзилган публицистик мақолалари орқали халқимизга 40 йилдан зиёд маънавий озуқа улашди.

Қолаверса, одамийлик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат намуналарини кўрсатди. Бугунги кунда унинг ўнлаб иқтидорли шогирдлари республика, вилоят, тармоқ газеталари таҳририятларида, нуфузли ташкилотлар ахборот хизматларида, телевидение ва радио компанияларида фаолият юритишмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Олтиариқ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Азимжон Исломов, Бувайда тумани ҳокими Беҳзодбек Ибрагимов Олимжон Ҳакимовнинг табаррук ёши билан қутлаб, самимий тилакларини билдирдилар. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Олимжон Ҳакимовни 70 ёши муносабати билан Қутловнома ва қимматбаҳо совға юборган эди. Кутилмаганда уюшма раиси телефон қилиб қолди. Унинг овози микрофон орқали тадбир иштирокчиларига эшиттирилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд бўлими раиси, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Фармон Тошев ҳам телефон орқали фарғоналик журналист Олимжон Ҳакимовга ўзининг ва самарқандлик ҳамкасблар табригини етказди. Ҳар иккала қутловларни тадбир иштирокчилари олқишлар билан кутиб олишди.

Шунингдек, туман “Нуроний” кенгаши раиси Комилжон Пармонов, “Давр овози” газетаси бош муҳаррири Алишер Хонкелдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамиджон Бурхонов, таниқли шоира Зуҳра Алиева, “Ойдин” газетаси бош муҳаррири Хадичахон Каримова, бир гуруҳ нуронийлар, жамоатчилик вакиллари Олимжон Ҳакимовга самимий дил сўзларини изҳор қилдилар. Туманнинг таниқли санъаткорлари ижросида дилрабо куй-қўшиқлар ижро этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Фарғона вилояти бўлими