Менинг фикрим

КЛАСТЕРНИНГ ШАРОФАТИ ёки энди пахта термоқ армон бўлиб қоладими?

Фарғона телерадиокомпанияси информацион дастури орқали вилоятда пахта тайёрлашнинг бориши тўғрисидаги маълумот эълон қилингач одамлар таажжубга тушдилар. Чунки бугунгача учта туман режани бажарган, 2-3 кунда бешта туман, ортидан вилоят марра чизиғига етиб келмоқда эди.

— Бу йил ҳашарчиларни ортган автобуслар оқимини бирон марта ҳам кўрмадик, лекин режалар бажарилибдия, — дейди суҳбатдошларимдан бири. – Илгарилари маҳалладан одам чиқариш топшириғи бўларди. Энди бу гаплар ҳам йўқ.

Фарғонада пахта ҳосили мўл бўлди. Бу кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Ўзбекистон Қахрамони Лола опа Муродова ҳозиргача 50 центнердан ҳосил териб топширди. Яна 30 гектарда биринчи терим пахтаси бор, ҳашарчи олмаганимиз учун ўша далалар навбатини кутяпти, дейди опа.

Бундай мўл ҳосилнинг сабаби нимада? Қизиқчи Хожибой айтгандек, “об-ҳаво қулайлигию, ерни чуқур ҳайдаганидами?” Аслида бу ҳам бор гап. Аммо асосий сабаб қишлоқ хўжалиги, хусусан пахтачиликда жорий қилинган кластер усулида. Фермер ва кластер хизматини зиммасига олганлар шартнома шартларини ўз вақтида бажарганларида. Янги техника, ўғит, ёнилғи, иш хақи ўз вақтида етказилиб турганида! Пахта ҳосилининг харид нархи оширилганида!

Иккинчидан, вилоятда бу йил янги яратилган маҳаллий “Фарғона” пахта нави уруғи экилганида ҳамдир. Ўн йилдан зиёд вақт ичида 40 гектардан бошлаб тажриба-синов ўтказиб экилган “Фарғона” нави бу йил вилоятнинг барча пахта майдонини эгаллади. Ҳозирнинг ўзида мутахассислар унинг ўртача ҳосилдорлиги 32-33 центнердан кам бўлмаслигини айтмоқдалар.

Ва ниҳоят учинчидан пахтакорнинг фаолиятидаги эркинлигида. Бу йил ижро ҳокимияти ҳеч нарсага аралашмади. Қачон, қайси ерга экади, қандай ишлов беради, кимёвий ўғит керакми табиийсими, пахтани ким теради — фермер ва унинг ҳамкори кластер мутасаддилари ўзаро ҳал қилдилар.

Бундай ислоҳот Фарғона вилоятида ўз натижасини кўрсатди. Бугун, 7 октябргача вилоятда 90 фоиздан зиёд пахта териб бунтларга уюлди. Ўқитувчи, шифокор, ишчи-хизматчи, талаба-ўқувчилар… ҳамма-ҳамма ўз иши билан банд. Пахтани шов – шув кўтармай фермер хўжалиги аъзоларининг ўзлари териб олмоқдалар.

Эх, далага чиқиб пахта териб юрган завқли дамларимиз наҳотки тарих бўлиб қолса?!

Мухаммаджон Обидов